Ниҳоят, юз берди! Ер курраси қуруқлигининг олтидан бир қисмида ўтказилган, моддий ва номоддий бойликларнинг деярли барчасини қамраб олган, 100 йил давом этган тажриба якунига етиб, мана энди Ўзбекистонда ҳам унинг охирги меросларидан бири бўлмиш давлат режаси билан юритиладиган қишлоқ хўжалиги ўтмишда қоляпти — Ўзбекистон ҳукумати бозор тамойилларига тўғри келмайдиган, аммо ҳануз сақланиб келаётган ҳолатга барҳам беришга қарор қилди. Президентнинг сиёсий иродаси аниқ янгради — биз бу эскилик сарқитидан воз кечамиз.

«Ислоҳот — нима у?»

«Ислоҳот» — оддий тушунча эмас. Ҳамма гап унинг асосий мақсадига, ислоҳотчининг нимани кўзлаётганига боғлиқ. Агар ислоҳот натижаси ўлароқ кўзга фақат хаёлий мегаиндустрия манзаралари ва келажак мегаполисларининг шарпаси ташланаверса, унда «майда» нарса — Инсонни назардан қочириб қўйиш мумкин. Аслида, ўзгача келажакни айнан инсон ўз қўллари билан барпо қилади. Агар ислоҳотда бу ҳисобга олинмаса, у хаёлот маҳсулидан бошқа нарса эмас.

Бу алфозда ислоҳотнинг асосий шарти — инсонларни катта ишларга руҳлантириш омили бир четда қолиб кетади.

Адолатга бўлган ишончни тирилтириш

Агарда биз ўзбек қишлоқларини чароғон ва фаровон масканларга айлантирмоқчи бўлсак, унда аввало қишлоқ аҳлининг қалбида адолатга бўлган ишончни жонлантиришимиз лозим бўлади. Чунки айнан адолатга ишонч — одамларда келажакка нисбатан умид уйғотади, ўзаро ишонч ва бунёдкорлик, ҳамкорлик муҳитини юзага келтиради.

Тасаввур этинг-а, сизга муттасил адолатсизлик қилинмоқда, бу ҳолда қалбингизда шижоат барқ урадими? Ўзбек қишлоғи ҳозир айнан шундай ҳолатда — бир пайтлар унинг моддий ва қайсидир жиҳатдан ҳатто маънавий таянчи бўлмиш нарсаси — ерини тортиб олишган эди.

«Секин ишга тушувчи мина»

Ўзбек қишлоқлари — муҳити, тартиб-негизи ўзгача бўлган, шаҳарлардан фарқ қиладиган маскан. Бир неча тафсилотлар борки, улар ер ислоҳоти амалга оширилаётганда ҳисобга олинмаса, қишлоқлардаги вазият маънан оғир аҳволга келиб қолади.

Хўш, булар қандай тафсилотлар?

Ерларимиз оммавий мулкка айланганига 100 йил бўлди — ўзбек деҳқони ер унга эркин фойдаланиш учун берилишини бир аср кутди. Шунинг учун эндиги ислоҳотдан кейин ерлар кам сонли «танланган» одамларга тегса, шу ерда ишлашни истайдиган кўпчилик яна «қуруқ қолса» — адолатсизлик юз беради. Зеро, қишлоқ аҳли асло ўша кам сонли кишилар — амалдаги фермерларни ерларнинг асл эгаси деб қарамайди ва ислоҳот натижасида ундайларнинг юзлаб гектар майдонларнинг эркин фойдаланувчисига айланиб қолишини адолатсизлик ўлароқ қабул қилади. Давлат режаси амалда бўлган вақтларда маънавий муаммо йўқ эди, «фермерлар маҳсулотни давлатга топширишади», деган туйғу ғолиб эди. Аммо давлат режаси бекор қилингандан сўнг ҳолат ўзгаради — «ижтимоий адолат қарор топмади», деган фикр ғолиб келади.