Ушбу тадбиркорлар айни масала юзасидан аввал ҳам таҳририятимизга мурожаат қилишган эди. Бироқ ўтган давр ичида улар билан расмий битим имзоланганидан бўлак ишда бирорта силжиш бўлмаган.

Музработда дўконлар бузилди – ҳокимлик компенсация тўламаяпти

Мурожаатчиларнинг айтишича, уларнинг туман марказида жойлашган дўконлари туман ҳокими буйруғи билан бузилган, компенсация пули эса ҳанузгача тўланмаяпти.

Ҳолбуки, туман ҳокимлиги тадбиркорлар билан компенсация тўлаш борасида битим имзолаб, муҳрлаб берган.

Мурожаатчилар дўконларни бузишда қўшни туманлардан ички ишлар ходимлари келиб, уларнинг қаршилигига қарамасдан мавжуд бино ва иншоотларни бузиб ташлашганини гапириб беришди.

Туман марказида «Обод марказ» дастури асосида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Тадбиркорларнинг бузилган дўконлари ўрнига кўп қаватли турар жой бинолари қурилмоқда.

Биз мазкур масала юзасида туман ҳокими Эркин Алимов билан телефон орқали гаплашдик.

Туман ҳокими муаммодан хабари борлиги, тадбиркорларга албатта компенсация пуллари маҳаллий бюджет ҳисобидан тўлаб берилиши, уларнинг барчаси билан бу борада битим имзоланганини таъкидлади.

Бироқ, битимда компенсация маблағлари 2020 йилнинг февраль ойига қадар тадбиркорларга тўланиши белгилаб қўйилган эса-да, мана, март кириб келдики, ҳали ваъда бажарилмаган.