Йиллар бу жараённи янада тезлаштирмоқда. Авваллари МДҲ давлатларига ишга бориш билан чекланган ўзбекистонликлар бугунги кунда дунёнинг деярли ҳамма нуқтасида бор. Асосий йўналиш Россия бўлгани ҳолда Жанубий Корея, Қозоғистон, АҚШ, Европа ва Яқин Шарқ давлатлари сари отланаётганлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда.
Одамларимизнинг чет элда ишлаётганлар топган пуллар тўғрисидаги эшитганлари оғиздан-оғизга кўчиб юради ва янги хоҳловчиларни пайдо қилаверади. Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар натижасини сезмаётган, тадбиркорликда бюрократик тўсиқларга енгилган ёки омади юришмаган, давлат ишида маош камлигидан рўзғор тебрата олмаётганлар хорижга йўл олаётганлар армиясини муттасил тўлдираверади.
Минг афсуски, телеканаллардаги ярқироқ лавҳаларда ёритилган иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар кўп ҳолларда пуч бўлиб чиқади, реал эҳтиёжни қопламайди, кўп йиллик қарсакбозлик анъаналари учунгина хизмат қилаётган бўлади. Табиийки, ҳар қандай маҳаллий иш берувчи билан таққослаганда хориж варианти жозибадор кўринаверади. Тилни, ўша давлатни билмаслик, таваккалчилик, алданиб қолиш ва ҳатто ҳаёт учун реал хавфлар ҳам бу истакни сўндира олмайди.
Бозор қонунияти шундай, талаб борми, албатта таклиф ҳам пайдо бўлади. Олдин халқ тилида «посредник» дейиладиган, амалда оғзаки келишувларга кўра одамларни иш билан таъминлаш эвазига маълум ҳақ олувчилар гуруҳи ишлаб келган (ва ишлаб келаётган) бўлса, сўнгги йилларда бунга қонуний тус беришга ҳаракат қилиниб, хусусий бандлик агентликлари фаолиятига рухсат берилди. Аммо жуда қисқа муддат ичида бир неча фирибгар вакиллари сабаб бу соҳа ўз номини қора қилишга улгурди.
Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликлари фаолиятига 2018 йил кузидан бошлаб рухсат берилган эди. Шундан кейин ўтган бир йил давомида 66та агентлик фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш билан шуғулланиш учун лицензия олган. Улардан бир нечтаси фирибгарлик йўли билан кўплаб маблағни ўзлаштириб юборгани бўйича тергов олиб бориляпти.
«Human» агентлигидан жабрланган фуқаролар бўйича суд ишлари якунланиб, 21 млрд сўмдан ортиқ маблағ ҳукумат назорати остида махсус жамғарма орқали тўлаб ҳам берилди.
Шу ўринда савол туғилади, фирибгарлик қилганлар тегишли жазога тортилишар, аммо бу билан хорижга чиқишга ҳаракатлар тўхтаб қоладими? Асло йўқ.
Сабаблари аниқ ва оддий: аҳоли шиддат билан кўпайишда давом этмоқда, яратилаётган иш ўринлари етмайди, бори ҳам меҳнатга тўланувчи ҳақ жиҳатдан талабга жавоб бермайди, хориждаги бир кишининг омади юзлаб танишларига чақириқ бўлаверади.
Лекин шу ерда қизиқ бир жиҳат кўринади – хорижга йўл олмоқчи бўлганлар ўша ердаги меҳнат бозорида рақобатга кириша оладиларми? Хусусий бандлик агентликларига пул тўлаб куйиб қолганлар Германия, Чехия, Швейцария ва ҳатто АҚШга бориш ниятида шартнома тузганлари, энди эса алданиб қолганларини таъкидлашади. Аммо уларнинг мутлақ кўпчилиги ҳатто Россияга ҳам бормаган, хорижий тилларни билмайди, ривожланган давлатлар меҳнат бозори талабига мос келувчи малакага эга эмас, қўлида уёқда иш бериши аниқ бўлган ҳунари йўқ. Қисқача қилиб айтганда, ҳатто омад келиб, жўнаб кетилганда ҳам ҳаммаси таваккалчиликка асосланади.

















