Шу кунларда ижтимоий тармоқларда қўлларида «Здесь будет парк» ёзувини ушлаб олган фуқароларнинг чиқишлари кўзга ташланмоқда. Акция қатнашчилари – Тошкентнинг Ойбек ва Нукус кўчалари кесишмасида кўп қаватли турар жой мажмуаси қурилишидан норози бўлган бир гуруҳ фуқаролардир.
Улар вазиятни ёритишни сўраб, таҳририятимизга мурожаат қилишди. Мурожаатни ўрганиш мақсадида айтилган манзилга бордик.
Дастлабки қарорга асосан, боғ қурилиши керак эди
Маълум бўлишича, Миробод туманидаги Ойбек, Нукус ва Хонзодабегим кўчалари кесишмасида жойлашган 1,8 гектар ер майдонида кўп қаватли уйлар қурилиши бошланган. Бунга эса шу ҳудуд атрофидаги уйларда яшаб келаётган фуқаролар норозилик билдирмоқда.
Уларнинг айтишича, 1,8 гектарли бу майдонда кўп қаватли уй-жойлар эмас, балки истироҳат боғи бўлиши керак эди.

Мазкур ҳудуд Вазирлар Маҳкамасининг «2011-2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларни янада такомиллаштириш чора-тадбирларини янада мустаҳкамлаш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, дастлаб Тошкент шаҳар ҳокимининг 2016 йилдаги қарори билан маданият ва истироҳат боғи қуриш учун Маданият ва спорт ишлари бошқармасига берилган.
Бироқ, кўп ўтмай шаҳар ҳокимининг бу қарори бекор қилинади. Ўтган йиллар давомида шаҳар ҳокимининг мазкур ер майдонига оид бир нечта қарорлари чиқарилади.
Ҳозирги кунга келиб, ернинг эгаси – «Silk road group investments» МЧЖ бўлиб турибди. Бу ерда буюртма асосида «Murad Buildings» ва «BI Group» ҳамкорлигида ташкил этилган «NRG» компанияси кўп қаватли турар-жойлар мажмуасини қуришни бошламоқда.

«Бу ерга 9та кўп қаватли уй қурилар экан. Натижада уйимизга офтоб ҳам тушмай қўяди. Кимга мурожаат қилишни билмай қолдик. 288 киши петицияга имзо чекиб, президент девонхонасига топширдик. Петицияга жавобан 2019 йил январида Миробод туман ҳокими бизга жавоб қайтарди. Жавоб хатида бу ер «Silk road group invеstments» МЧЖга кўп қаватли турар-жой қуриш учун ажратилгани, агар норози бўлсак, судга мурожаат қилишимиз кераклиги айтилган.











