Тасаввур қилинг, бутун бошли маҳаллада тоза ичимлик суви йўқ, электр энергияси учун аҳолининг ўзи қўлбола симёғочлар орқали сим тортиб олган. Охирига етказилмай қолган йўллар жуда хароб. Табиий газ-ку, эски дард... Булар Андижон вилояти Балиқчи туманидаги «Насриддинобод» маҳалласидагиларнинг бугунги муаммолари.



Kun.uz таҳририятига «Насриддинобод» маҳалласининг Насриддинобод ва Боғитурон кўчасида яшовчи аҳоли вакилларидан мурожаат келиб тушди.

Маҳалла гузари олдида йиғилган насриддинободликлар муаммоларни бирма-бир айта бошлашди.

«Бу ерга 1992 йилда кўчиб чиққанмиз. 2016 йилда электр тармоқлари асосий кўчага юқори кучланишли линия тортди. Кўчамиз учун 6 дона эски симёғоч сўраган эдик, беришмади. Ўшандан бери ўзимиз қўлбола симёғочлар ясаб, ўрнатиб фойдаланиб келяпмиз.
Ҳар ойда МИБ ходимлари истеъмол қилинган электр учун пулни йиғишга келишади. 50 минг сўм қарз бўлсак, узиб кетишни билишади, лекин муаммони ҳал қилишга келганида бировнинг иши йўқ. Бир неча бор туман ҳокимлиги, вилоят ва туман электр тармоқлари корхоналарига мурожаат қилдик. Ҳар сафар ўша гап: «Дастурга киритиш таклифи берилди ёки дастурга киритиляпти. Режалаштиряпмиз», дейишади. Ҳаракатларимиз 10 йилдан бери ҳеч натижа бермаяпти», дейди Насриддинобод кўчасида яшовчи Арифжон Жуманов.


Асли ҳайдовчи бўлган, лекин қўлидан келгани учун монтёрлик ҳам қилиб, маҳалла аҳли корига яраб келаётган Муҳаммадали Қодиров симёғочларнинг ҳолатидан шикоят қилди.
«Касбим ҳайдовчилик. Лекин, электр билан боғлиқ бўлган ишларга ёшлигимдан қизиқаман. Маҳалладошларим кечасими, кундузими, электр бўйича қанақа юмушни илтимос қилса, қўлимдан келганича ёрдам бераман. Барча асбоб-анжомларим, «столба»га чиқишда оёққа тақиладиган «тирноқ»ларим ҳам бор. Кимникидадир ток ўчиб қолади, кимникидадир сим узилиб кетади. Кимнингдир уйида кексалар, касали ёки чақалоғи бор. Бориб тўғрилаб, ёқиб беришга ҳаракат қиламан. Кучли шамолда сим узилиб кетади. Қўлбола симёғочларга «тирноқ» билан чиқиш қийин, шу боис нарвонда чиқиб бўлса ҳам улаб бераман.































