Ўзбекистон | 17:56 / 22.08.2024
11500
2 дақиқада ўқилади

Балиқчи тумани ҳокими ўринбосари қамоққа олинди

У ҳокимлик захирасидаги ер майдонини 2019 йилдаги сана билан туман ҳокимининг қарорини тайёрлаб, харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига ўз шериклари орқали 30 минг доллар олган вақтида ушланган.

Андижон вилояти Балиқчи тумани ҳокимининг ўринбосари тезкор тадбирда қўлга олинди.

Маълум қилинишича, ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бош мутахассиси ва тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослашган МЧЖ ходими Балиқчи тумани ҳокимлиги заҳирасида бўлган 3,75 гектар ер майдонининг 1,75 гектарини “E-auksion” орқали арзон нархда олиб бериш, қолган 2 гектарини эса 2019 йилдаги сана билан туман ҳокимининг қарорини тайёрлаб, харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 30 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланган. 

Терговга қадар текширув давомида улар ушбу масалани туман ҳокимининг ўринбосари орқали ҳал этишлари аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилган ҳамда ҳоким ўринбосари 30 минг АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Туман ҳокими ўринбосари ва Уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бош мутахассисига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Мавзуга оид