Жаҳон | 16:00 / 10.03.2020
60530
2 дақиқада ўқилади

Коронавируснинг янги аломатлари маълум қилинди

Сингапурда шифокорлар COVID-19 коронавирус инфекцияси туфайли юзага келувчи касалликнинг янги белгиларини аниқлади. Уларнинг тадқиқоти натижалари Lancet журналида эълон қилинди.

Фото: Luis Enrique Ascui / Getty Images

Шифокорларнинг айтишича, коронавирусга чалинган беморларга дастлаб денге иситмаси ташхиси қўйилган. Уларнинг маълумотига кўра, 57 ёшли эркак 9 февраль куни иситма ва йўтал билан касалхонага ётқизилган. Унинг қонида тромбоцитлар сони пасайган, кўкрак қафаси рентгенограммаси эса нормал бўлган. Денге иситмасига экспресс-тест салбий жавоб бергач, уни қўйиб юборишган.

Аммо, кейинчалик у доимий равишда кўтарилган ҳарорат, тромбоцитлар сонининг янада пасайиши, шунингдек, лимфоцитлар сони тушиб кетиши, йўтал ва нафас қисилиши билан клиникага қайтган. Денге безгагига такрорий тест ижобий бўлди. Аммо кўкрак қафаси рентгенограммасидан сўнг, у коронавирусга текширилди ҳамда тестлар ижобий натижани кўрсатди. Бошқа таҳлилларда унда денге йўқлиги аниқланди.

Иккинчи ҳолда, 57 ёшли аёлга ҳам ижобий тест натижасидан сўнг денге иситмаси ташхиси қўйилган, аммо кейинги таҳлилларда янги коронавирус аниқланган. Беморда иситма, мушаклар оғриғи, енгил йўтал, ич кетиши қайд этилган, аммо икки кундан кейин унинг аҳволи ёмонлашган.

«Денге безгагига тезкор тестнинг ижобий натижаси туфайли COVID-19’ни ҳисобга олмаслик нафақат беморга, балки жамият саломатлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин», - дея маълум қилди шифокорлар. Тиббиёт ходимларининг қайд этишича, денге иситмаси бўйича нотўғри ижобий натижаларни аниқлаш муҳимдир.

ЖССТ маълумотларига кўра, 104 мамлакатда коронавирус билан касалланиш ҳолати аниқланди. Хитой расмийларига кўра, ХХРда 80,7 мингдан ортиқ касалланганлар қайд этилди, дунё бўйлаб бу касалликка чалинганлар сони 113,3 мингдан ошди. Коронавирус қурбонлари сони 4009 кишига етди.

Мавзуга оид