Ўзбекистон | 15:31 / 10.03.2020
16344
3 дақиқада ўқилади

Михаил Фаворов: Хитойда коронавирусга чалинган беморни яшириш отувга сабаб бўлади

Америка Микробиология жамияти аъзоси: бизда 40 турдан ортиқ коронавируслар бор. Фақат буниси ҳали янги, эскилари енгил шамоллаш билан чекланиши мумкин. Вақти келиб бу ҳам оддий вирусга айланади

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг профилактикаси ва унинг кириб келишининг олдини олиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. 

Анжуманда эпидемиология соҳасида халқаро эксперт, Америка Микробиология жамияти аъзоси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Михаил Фаворов иштирок этди. У 40 йилдан зиёд умрини дунёнинг турли минтақаларида – Марказий Осиёда кам учрайдиган гепатит турларидан тортиб, Кения ва Малида тифоид иситмаси касалликларини ўрганиш ва олдини олишга бағишлаган.

Айни пайтда Михаил Фаворов коронавирус инфекцияси бўйича дунё ва Ўзбекистондаги ҳолатни ўрганмоқда. Шу кунларда у мустақил халқаро эксперт сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги бош штаб мутахассислари билан биргаликда мамлакатимизга коронавируснинг кириб келиш ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида ушбу соҳада ихтисослашган тиббиёт муассасаларидаги тиббиёт ходимларига маслаҳатлар бермоқда.  

– Бу зооноз касалликдир, яъни ҳайвонларники, инсон организмига бегона. Аммо оддий тил билан айтганда инсон ҳужайраларига тушганидан кейин у мослаша бошлайди. Юзинчи, мингинчи, балки юз мингинчи одамга тушганидан кейин у инсон организмига мослашади, антитаналар ишлаб чиқарила бошланади.

Мен Хитойнинг Ухан шаҳрида ишлаганман. Айни пайтда коронавирусга чалинган беморни яшириш учун отувга ҳукм қилинади, бу маълумотларни текшириб кўришингиз мумкин.

Коронавирусга чалинган беморлар ҳақидаги рақамлар ҳам нисбий, улар қандай талқин қилинаётгани ва қанчалик аниқланаётганига боғлиқ. Ҳар қандай эпидемия ҳамма давлатлар соғлиқни сақлаш тизими учун катта синов. Ўлганлар сонини кузатсак, якшанба куни, яъни шифохоналар тўла қувват билан ишламаган кунларга тўғри келади. Яъни бу ерда ҳамма нарсанинг аҳамияти бор.

Энди оптимистик маълумотларга эътибор берсак – тўлиқ тузалиб кетаётганлар сони ошмоқда, яъни бошида ҳамма эсанкираб қолганди, энди у жиловланди.

Хитойни алоҳида ўргандик. 14 февраль кун билан 6 март кунларини солиштирсак касаллик нақадар чекинаётганини кузатиш мумкин. 

Вакциналар, препаратлар тайёрланяпти. Аммо улар синов муддатидан ўтмай туриб фойдаланиши мумкин эмас, яъни амалда тахминан 2 йилча муддат ўтиши керак. 

Энг қизиғи, мўғул-турк учбурчагига эътибор беринг. Мўғулистон, Туркия ва Марказий Осиё ҳудудида бу касаллик расман қайд этилмаган.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид