Сешанба куни АҚШнинг 6 штатида ўтказилган бирламчи сайловларнинг дастлабки натижаларидан кейин мустақил сенатор Берни Сандерс президентликка номзод бўлишдан умидини узмоқда. Маҳаллий вақт билан 10 март куни соат 20:00да Миссури ва Миссисипида сайлов участкалари ёпилди ва дастлабки натижалар эълон қилиниши бошланди. Натижаларга кўра, собиқ вице-президент Жо Байден яққол ғалабага эришган. Миссисипида уни сайловчиларнинг 80 фоизидан ортиғи, Миссурида эса 60 фоизи қўллаб-қувватлаган.
АҚШда президентлик пойгаси. Бу ҳақда нималарни билиш лозим?
Кўп ўтмасдан вице-президент АҚШ президентлиги учун сайловда ҳал қилувчи штатлардан бири бўлмиш Мичиганда ҳам ғолиб бўлгани маълум бўлди. Дарвоқе, 2016 йилда бу штат сенатор Ҳиллари Клинтонга эмас, айнан Берни Сандерсга овоз берганди.

«Ўйлашимча, энди Берни Сандерсда президент бўлиш учун ҳеч қандай имконият қолмади. Байден ҳаммаёқда ғолиб чиқмоқда ва телеканаллар айнан у Демократик партиянинг номзоди бўлиши ҳақида эълон қилмоқда», деди Politico нашрига сайловолди кампаниясининг собиқ иштирокчиси Том Стейернинг маслаҳатчиси бўлган Кевин Кэйт.
«Тобутдан қайтиш»: «Суперсешанба»да Байден биринчи ўринга чиқиб қолди
Ўтган ҳафтада АҚШнинг собиқ вице-президенти 14та штатда бўлиб ўтган «Суперсешанба» якунларига кўра демократ номзодлар орасида етакчига айланиб олганди. Жо Байден 14 штатдан 10тасида ғолиб бўлган ва қолган тўрт штатда ҳам асосий рақибидан катта фарқ билан ортда қолмаганди.
«Мини-суперсешанба»да Миссури, Миссисипи, Мичиган, Шимолий Дакота, Айдаҳо ва Вашингтон штатида сайловлар бўлиб ўтди. Ўртага 352 делегат овози тикилганди.

Шу йил ёзида Демократик партиянинг Миллий конвенцияси бўлиб ўтади ва унда ноябрь ойидаги президентлик сайловига партиянинг номзоди танланади.
Бунинг учун номзод жами 3979 делегатдан 1990 нафарининг овозига эга бўлиши талаб этилади. Ҳозирча Жо Байден делегатлари сони бўйича сенатор Сандерсни яққол устунлик билан ортда қолдирмоқда: 664-573. «Мини-суперсешанба»дан кейин барча делегатларнинг камида 47 фоизи партия съездида кимни қўллаши ойдинлашиб қолди.









