Ўзбекистон | 16:20 / 11.03.2020
36577
4 дақиқада ўқилади

«Монополияга қачон чек қўйилади?» — Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси автомашиналар нархи ошишини кескин қоралади

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси UzAutoMotors АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган автомашиналар нархлари ошишига муносабат билдирди. Унда мамлакатда UzAutoMotors’дан ташқари яна рақобатдош заводлар иш бошлашига умид билдирилган.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси расмий сайтида ички бозорда автомобиль нархлари кўтарилишига муносабат билдирилди.

«Бугунги кунда истеъмолчилар автомашиналар нархлари кўтарилганидан норози. Бир ёки икки фоизга эмас, бирданига 15-20 фоизга! Нима сабабдан? Қайси омиллар туфайли? Нега айнан харидоргир бўлган автомашиналарнинг нархи тушиш ўрнига кўтарилиб кетгани кўпчилик истеъмолчиларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Берилган ваъдалар аксинча эди.

Бу йил автомашина нархи тушиши кутилаётган эди. Бу иш билан UzAutoMotors истеъмолчилар устидан яна бир «аҳмоқона юриш қилди». Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясига 2019 йил давомида юзга яқин ранги ўчганидан тортиб, техник носозлиг-у ўз жойида турган, ҳеч қандай ташқи омилларсиз ўз-ўзидан ёниб кетган машиналар тўғрисида аризалар келиб тушган.

Биз низомда белгиланган тизим орқали истеъмолчиларимизга кўмак кўрсатган бўлишимизга қарамасдан, муаммолар кўпайса кўпайдики, асло камаймади. UzAutoMotors монопол ташкилот ҳисобланар экан, бу каби муаммоларнинг адоғи бўлмаслиги аниқ.

Тўғри, халқимиз меҳнаткаш, орзу-ҳавас учун ҳам машина олиш иштиёқидан асло қайтмайди. Лекин бу дегани исталганча халқ билан ҳисоблашмасдан нархларни ошириш керак дегани эмас! Бу кетишда халқимиз анча пайт мусофир юртда «қора ишчи» деган тамға билан юришга маҳкум.

Тўғри-да, ўз давлатида қадр топмаган халқни ўзга юртда бошини силармиди?! Қачонгача ўзга юртда яратилган имкониятларга ҳавас қилиб юрамиз? Қачонки, UzAutoMotors’дан ташқари яна рақобатдош заводлар иш бошласа, шундагина нархнинг тушишидан умид бор. Aкс ҳолда халқга нисбатан бундай беписанд ва таҳқирловчи кайфият ҳали-бери уларни тарк этмайди», дейилади федерация сайтида эълон қилинган муносабатда.

Шунингдек, мазкур ташкилот истеъмолчиларни ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирган: «Гапимиз ниҳоясида истеъмолчиларимиздан шуни илтимос қилардикки, қўйилган баҳога кўниб кетаверманг. Юртбошимиз ҳам «Жамият — ислоҳотлар ташаббускори» деб бекорга айтмаган. Халқ манфаати ўйланмас экан, уни талаб қилиш ҳуқуқига тўлақонли ҳақлимиз. Халқдек қудратли куч бўлмайди».

  • 9 март куни UzAuto Motors енгил автомобилларнинг янги нархларини эълон қилганди. Нархлар турли машиналар кесимида 15-20 фоиз атрофида ошган. 
  • 10 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Адолат» СДП фракцияси аъзоси Мақсуд Қурбонбоев UzAuto Motors мутасаддиларидан автомобил нархларининг оширилиши юзасидан тушунтириш сўради. 
  • Бугун, 11 март куни UzAuto Motors компанияси нархларни қайта кўриб чиқиш қарори нархлар конъюнктураси, шунингдек, ички ва ташқи бозордаги умумий макроиқтисодий вазиятнинг ўзгариши билан боғлиқ эканлигини маълум қилди. 
  • Шунингдек, «Ўзавтосаноат» яқин келажакда масъул давлат органлари томонидан кўриб чиқиладиган Ўзбекистон бозорига олиб кириладиган хорижий автомобилларга божхона тўловларини камайтириш ташаббуси билан чиққани маълум қилинди.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид