Ўзбекистон | 09:36 / 11.03.2020
57781
4 дақиқада ўқилади

«Сайт ичидаги нархномани ими-жимида янгилаб қўйиш эълон қилишга кирмайди». Депутат UzAuto Motors’дан тушунтириш сўради

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Мақсуд Қурбонбоев UzAuto Motors мутасаддиларидан автомобил нархларининг оширилиши юзасидан тушунтириш сўради. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси хабарида айтилган.

Мақсуд Қурбонбоев

Биринчидан, нега UzAuto Motors на сайтида, на бирор бир бошқа оммавий ахборот воситаларида нархлари ошганини расмий хабар ва тушунтириш тарзида маълум қилмаяпти? Худди айб иш қилаётгандек, сайтнинг ички қисмидаги нархномани ими-жимида янгилаб қўйиш эълон қилишга кирмайди.

Иккинчидан, хўп нархлар ошишга ошибди. Бироқ нима сабабдан, умумий қилиб қайси омиллар туфайли ошганини истеъмолчи билишга ҳаққи борми ёки йўқми?

Учинчидан, нега айнан халқимиз орасида энг талабгир ҳамда “эконом” ҳисобланган Damas, Spark, Nexia, Cobalt ва Lacetti каби автомобиллар нархи оширилмоқда. Ойликка қараб қолмаган, нисбатан ўзига тўқлар харид қиладиган Malibu 2, Tracker, Trailblazer, Equinox, Traverse ва Tahoe нархлари эса ўзгартиришсиз қолмоқда. Ёки бу “Камбағални туяни устида ҳам ит қопади” нақлининг амалдаги ифодасими?

Тўртинчидан, оширилган нархлар экспортга чиқарилаётган машиналарга тааллуқлими? Ўзи нима учун UzAuto Motors ҳанузгача экспортга ички бозордан анча арзон нархда автомобил сотмоқда. Мисол учун бизда 30 000 минг АҚШ долларидаги Malibu 2, бошқа давлатларда икки баробар арзон нархларда сотилмоқда. Агарда буни валюта оқимини кўпайтириш билан деб изоҳламоқчи бўлсангиз, бошқа янгироқ баҳона топинг, ҳозир банкларимизда истаганча валюта харид қилишингиз мумкин.

Бешинчидан, мамлакатимиз ички бозорида ҳамёнбоп автомобиллар сотуви бўйича бошқа давлатлар автомобиллари сотуви йилдан йилга ошиб бораётган бир шароитда маҳаллий ишлаб чиқарувчимизнинг нархларни ошириш тўғрисидаги қарори қайси бозор қонуниятларига тўғри келади? Бу очиқдан-очиқ бозорни қолганларга бўшатиб қўйишга ҳаракатга ўхшаб кўринмаяптими? Ёки сунъий равишда касодга (банкрот) учратиш назарда тутилганми, агар ундай бўлса 20,0 минг яқин ишчилар, қоракўзларимиз тақдири нима бўлади?

Хуллас саволлар кўп, аммо ҳозирча жавоблар йўқ.

Шу ўринда кўпчиликни бир мулоҳаза қизиқтиряпти. Дарҳақиқат, юқоридаги нархлари оширилган машиналар энг харидоргир ҳисобланади. Уларнинг сотиб олувчилари миқдори ҳам юқори. Шу ўринда талабнинг юқорилигини инобатга олган ҳолда, улар нархини бироз арзонлаштириб, яна ҳам кўп машина сотувини йўлга қўйиш орқали фойдани кўпайтириш ҳам мумкин-ку. Ахир бу ҳам оддий бозор қонунияти-ку.

Бундан ташқари UzAuto Motors керагидан кўра ёпиқроқ бўлгани кўпинча унга тегишли ҳар бир хабарни жамиятимиз норозилик кайфияти билан кутиб олади. Нархлар нимага асосланиб оширилди, машиналар тан нархи қайси мезонлар асосида шакллантирилади каби кўплаб масалалар очиқ, ошкора бўлганида миллий автосаноатимизга бу қадар кўп эътирозлар ёғилмас эди”, - деб ёзади Мақсуд Қурбонбоев.

Аввалроқ, UzAuto Motors енгил автомобиллар нархини оширгани хабар қилинганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид