Ўзбекистон | 14:53 / 12.03.2020
18690
2 дақиқада ўқилади

«Даромад 100 млн сўмгача бўлса, қатъий белгиланган солиқ тўланади». ДСҚ хонандаларни солиққа тортиш тартибини тушунтирди

Бугун, 12 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров хонандаларга солиқ тўлаш тартибининг жорий қилиниши ҳақидаги саволга жавоб берди.

Фото: Flickr / Ben Grey

Унинг билдиришича, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб санъаткорлардан янгича тартибда солиқ ундириш жорий этилган. Мазкур масала сўнгги 3 йилликда солиқ сиёсатини такомиллаштириш доирасида ҳар йилги параметрларда муҳокама қилинган.

“Хонандалик фаолиятини амалга оширишда рухсатнома олишдаги давлат божи ставкаси пасайтирилди ва уларга солиқ тўлаш жорий қилинди.

Солиқ режими бўйича даромади 100 миллион сўмгача бўлса, қатъий [белгиланган] солиқ тўланади. Ставка Пенсия жамғармаси билан биргаликда 270 минг атрофидаги суммани ташкил қилади. Хизмат кўрсатишдан олаётган даромади 100 миллион сўмдан ошадиган бўлса, улар айланма [маблағлар]дан солиқ тўлашга ўтишади. 

Шу билан бир қаторда, барча тадбиркорлик субъектларимизга тегишли. Улар декларация асосида солиқ тўлаши мумкин. Хизмат кўрсатишдан олаётган даромади ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча харажатларни чегириб ташлаб, ўзига қоладиган соф фойдасидан 12 фоиз солиқ тўлаш тартиби жорий қилинди”, - дея Фазлиддин Умаровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ, санъаткорлардан бошқача тартибда солиқ ундириш режалаштирилаётгани ҳақида маълумот берилган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид