Дунё бўйлаб тарқалаётган коронавирус нафақат инсонларнинг соғлиғига, балки ҳамёнига ҳам таъсир қилмоқда. Янги юқумли касалликнинг иқтисодиётга таъсири жуда ҳам салбий бўлиши мумкин. Bloomberg агентлиги ҳисоб-китобига кўра, воқеалар ривожининг бундай тус олиши дунёдаги иқтисодий ўсишни секинлаштиради, жуда ҳам ёмон тус олиши эса уни қулатади. Ҳатто, эпидемия туфайли планета 3 трлн доллар йўқотиши мумкин! Бундай ҳолатнинг олдини олиш учун вирус аниқланган давлатлар зудлик билан чора-тадбирларни кўрмоқда.

АҚШ

АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакат аҳолисини иш ҳақидан ушланадиган солиқлардан йил охиригача озод қилмоқчи. Оқ уй коронавирус эпидемиясининг иқтисодий оқибатларини енгиб ўтиш учун жуда катта режа тайёрламоқда. Хусусан, касалликка чалинганларга таътил беришни енгиллаштириш, бундан ташқари, кичик ва ўрта бизнесга солиқларни тўлашни кечиктириш имконини бериш режалаштириляпти.

Англия

Англия Банки қайта молиялаштириш ставкасини 0,75 фоиздан 0,25 фоизга туширди. Бу эса эпидемия пайтида бизнес ва истеъмолчиларни қўллаб-қувватлаш имконини беради. Бундан ташқари, кичик ва ўрта бизнес учун янги кредитлаш дастурлари очилди. Улар йил давомида қайта молиялаштириш ставкасига тенг миқдордаги фоизли кредит олиш имкониятига эга бўлишди.

Италия

Вазирлар кенгаши коронавирусга қарши курашнинг иқтисодий чора-тадбирлари учун 25 миллиард евро ажратди. Пулларнинг бир қисми оилалар ва корхоналарни қўллаб-қувватлашга сарфланадиган бўлди.

«Коронавирус туфайли ҳеч ким ишидан ажралмайди», - деди Италия бош вазири Жузеппе Конте.

Германия

Мамлакат ҳукумати инқирозга қарши чора-тадбирларни ишлаб чиқмоқда.

«Юзага келган вазиятдан зарар кўрган корхоналарни кулфатда қолдирмаймиз. Кўплаб миллиард еврони қамраб оладиган чораларни ишлаб чиқмоқдамиз», - деб ваъда берди ГФР иқтисодиёт ва энергетика вазири Петер Альтмайер.

Коронавирус тарқалишидан меҳмонхона, туризм ва кўргазма бизнеси кучли зарар кўрди. Уларга имтиёзли кредитлар бериш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, ҳукумат ишсизлик нафақасини олиш учун қўйиладиган талабларни ҳам юмшатишни, бу билан эпидемия туфайли ишидан айрилган одамларга ёрдам беришни кўзламоқда.