Марказий банк хабар беришича, бу ҳолатнинг сабабини сўраб МБга мурожаатлар бўлмоқда. Фуқароларга тушунарли бўлиши учун мазкур масалада мутахассис изоҳи тайёрланди.

Марказий банк Нақд пул муомаласини ташкил этиш департаменти директори Фазлиддин Бозоров:

– Марказий банкнинг 25 сўмлик ва ундан кичик номинал қийматдаги банкнот ва тангаларини муомаладан қайтариб олиш муомаладаги нақд пулларнинг номинал қаторини оптималлаштириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Бунинг асосий сабаблари қуйидагилар билан изоҳланади.

Дунёдаги аксарият мамлакатларда тангаларнинг асосан 4-5 хил номинали, банкнотларнинг 5-6 хил номинали муомалада бўлса, Ўзбекистонда эса бугунги кунга қадар муомалада расман 14 та (1 тийин, 3 тийин, 5 тийин, 10 тийин, 20 тийин, 50 тийин, 1 сўм, 5 сўм, 10 сўм, 25 сўм, 50 сўм, 100 сўм, 200 сўм, 500 сўм) номиналдаги тангалар, 12 та (1 сўм, 3 сўм, 5 сўм, 10 сўм, 25 сўм, 200 сўм, 500 сўм, 1000 сўм, 5000 сўм, 10 000 сўм, 50 000 сўм, 100 000 сўм) номиналдаги банкнотлар мавжуд.

Маълумот учун: 2019 йилнинг 1 июлидан 50 сўмлик ва 100 сўмлик банкнотлар муомаладан чиқарилди. 2020 йилнинг 1 июлидан бошлаб 200 сўмлик ва 500 сўмлик банкнотлар ҳам тўлов қобилиятини йўқотади.

Шунингдек, бутун дунёда амал қилинадиган муомаладаги пул белгиларининг номинал қаторини белгилаш назариясига кўра, энг кичик номиналдаги пул белгиси (асосан танга кўринишида) ўртача кунлик иш ҳақининг 1/1000 қисмини ташкил этиши лозим.

Мазкур ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда бу нисбат 85,2ни ташкил этади (Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2019 йил якунида ўртача ойлик ҳисобланган иш ҳақи – 2 324,5 минг сўм, даромад солиғи чегирилганда 2 045,6 минг сўм). Шунга кўра, республикамизда нақд пулдаги ҳисоб-китоблар учун энг кичик номиналдаги пул белгисининг 50 сўмлик танга бўлиб қолиши юқоридаги назарияга асосланган.

Бундан ташқари, 1994-2001 йилларда муомалага киритилган 25 сўмлик ва ундан кичик номиналдаги тангалар ҳамда банкнотлар мамлакатимиздаги иқтисодий жараёнлар, нархлар ўзгариши каби омиллар таъсирида табиий равишда муомаладан чиқиб кетган бўлиб, бугунги кунда нақд пулдаги тўловларда улардан умуман фойдаланилмаяпти.

Ушбу номинал қийматдаги пул белгиларига талаб бўлмаганлиги сабабли, 2006 йилдан буён Марказий банк томонидан ҳам бундай қийматдаги тангалар зарб қилинмаяпти ва банкнотлар босиб чиқарилмаяпти.