Ёрдам Эроннинг коронавирусга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ва вирусни енгиш учун биргаликдаги чора-тадбирларни таъминлаш мақсадида жўнатилмоқда.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Эрон Ислом Республикасига инсонпарварлик ёрдамини юбориш тўғрисида Ҳукумат фармойиши”да Эронга қуйидаги товарлар етказилиши айтилган

  • бир марталик стерил тиббий қўлқоплар;
  • ҳимоя қилувчи комбинезон;
  • махсус тиббий форма;
  • тиббий ниқоблар;
  • тиббий дока;
  • тиббий спирт;
  • гигиеник гель;
  • “Rutan” таблеткалари.

Инсонпарварлик юкини кузатиб бориш ва топшириш учун Эронга фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари бошчилигида Ўзбекистон делегацияси юборилади.

Аввалроқ, 12 февралда ва 3 мартда Ўзбекистон Хитойга иккита инсонпарварлик ёрдамини жўнатганди.

Охирги маълумотларга кўра, Эронда коронавирусдан касалланганлар сони 9 мингни, ундан вафот этганлар сони 354 нафарни ташкил қилмоқда.