Путиннинг бешинчи ва олтинчи муддатга сайланишига имкон бериши мумкин бўлган тузатиш кўплаб тортишувларга, танқидларга ва мемларга сабаб бўлди. «Биринчи канал», ВГТРК (Бутунроссия давлат телерадиокомпанияси) ва НТВдаги сиёсий шоуларда янги ўзгартиришларни «барқарорлик» билан оқлашди, қонунда «Худо ва анъанавий оила» тилга олинишидан хурсанд бўлишди ҳамда амалдаги Конституцияни «шармандали» деб аташди. TJ «60 минут», «Время покажет» ва «Место встречи» кўрсатувларида янги Конституция қандай муҳокама қилинганлигини баён қилди.
Шоунинг деярли барча иштирокчилари муддатни «бошидан ҳисоблаш»ни қўллаб-қувватлади, бу Россияга барқарорлик кераклиги билан изоҳланди
«Биринчи канал», ВГТРК ва НТВ сиёсий дастурларида Конституцияга киритиладиган ўзгартиришларга қарши чиқадиган экспертлар деярли йўқ эди. Барча кўрсатувларнинг бошловчилари ўзгартиришларни қабул қилиш ёки қабул қилмасликни фақат халқ овоз бериш йўли билан ҳал қилишига эътибор қаратдилар.
Сиёсатшунос Олег Матвейчев «Биринчи канал» эфирида «барча сўровларга кўра» Россия халқи Путинни умрбод президент сифатида кўришни истаётганини айтди. Бироқ у қандай сўровлар назарда тутилганига аниқлик киритмади. «Путин 2024 йилда президент бўлиши учун биргина имконият бор, биз бу имкониятни қўлдан бой бермаслигимиз керак», дея қўшимча қилди у.
Дастур иштирокчиларининг аксарияти ҳозирги сиёсий вазиятда Россияга энг аввало барқарорлик кераклиги ҳақида фикрлар билдиришди. Давлат думаси вакили Константин Затулиннинг фикрича, Россияда Путиндек тажрибали ва истеъдодли етакчи йўқ. Затулин барқарорликни таъминлаш учун фақат дидга қараб «кимларнидир тарқатиб юбориш» орқали муаммо келтириб чиқармаслик кераклигини қўшимча қилди.
Юрист Виталий Серукановнинг айтишича, Путин ҳеч қачон айтган сўзидан қайтмайди, шунинг учун у 2024 йилги президентлик сайловларида қатнашмайди. Серукановнинг сўзларига кўра, президентлик муддатини «бошидан ҳисоблаш» таклифи фақат Конституцияга киритилган ўзгартиришларга овоз беришга эътиборни жалб этиш учун айтилган бўлиши мумкин.
Сиёсатшунос Дмитрий Абзалов «Биринчи канал» ва ВГТРК эфирида Конституцияга киритилган ўзгартиришлар оммавий кўриб чиқиш учун тақдим этилгани ва «саҳна ортида» қабул қилинмаганини таъкидлади.
















