9 март куни UzAuto Motorsʼнинг автомобиллар нархини турли машиналар кесимида 15-20 фоиз атрофида ошириши ортидан ушбу корхонага нисбатан бўлаётган эътирозли фикрлар ҳамон тўхтагани йўқ.

Бу борада турли ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёзилаётган кўплаб танқидий чиқишлар ҳамда UzAuto Motors маҳсулотларига нисбатан бойкотга чорловларни кузатиш мумкин.

Kun.uz мавзу юзасидан турли соҳа вакиллари, экспертлар фикрини эълон қилиб келмоқда. Сайтнинг навбатдаги суҳбатдошлари таниқли журналист Карим Баҳриев, депутат Дониёр Ғаниев ҳамда сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов бўлди.

Карим Баҳриев:  «Аҳвол шундай давом этса, етар энди, дейилишига қарамасдан, монополист гуруҳлар «яна бир йил ё икки йил онамни эмиб, ўзимни тутиб олай» деб тамшанадиган гўдак каби тармашиб тураверадилар»

Фото: Карим Баҳриевнинг Facebook саҳифасидан олинди

Журналист Карим Баҳриевга кўра, монополист «GM Uzbekistan» 2017 йилда 135,5 минг дона автомобиль ишлаб чиқарган. Соҳадаги ўртача иш ҳақи 300 доллар эквивалентида экани ҳисобга олинса, компанияда ишга ҳақ тўлаш фонди тахминан 100 миллион доллар эквивалентга тенг.

«Бу соҳада 14 000 атрофидаги киши иш билан таъминланган. Ўзбекистонда 6-7 миллион атрофида ишсиз бор, Россияда 2,5 миллион юртдошимиз ишлайди. 10-15 минг киши ишсиз қолади деб, банкрот заводни ушлаб туриш кимга керак?!

Президент Шавкат Мирзиёев «Шу заводни ёпиб юборсак, фойда бўларди», деганда нимани назарда тутган?

Бу заводнинг дунёда 8000 доллар турадиган машинасини биз ўзбеклар, 16 000 долларга харид қиляпмиз. Ташқаридан машина кирмагани, «бутловчи қисмлар» киргани учун давлат бюджетига тўлов тушмайди. Корхона фойда олса, акциядорлари кўради. У аслида банкрот ҳолатидадир», деди Баҳриев.

Журналистнинг таҳлилига кўра, UzAuto Motors заводи бўлмаса ва 130 минг дона автомашина Ўзбекистонга четдан ўртача 8000 доллар нархда олиб кирилса ва ҳозиргидек 50-70 фоиз эмас эмас, 10 фоиз тўлов жорий этилса ҳам, бюджетга 1 миллиард доллардан зиёд тушум тушади.