Жамият | 14:03 / 16.03.2020
26353
3 дақиқада ўқилади

Фото: Эронга инсонпарварлик ёрдами юборилди

Бугун, 16 март куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ коронавируснинг олдини олиш чора-тадбирларига кўмаклашиш мақсадида Эрон Ислом Республикасига инсонпарварлик ёрдами юборилди.

Давлат раҳбари топшириғига асосан Эроннинг ёрдам сўраб қилган мурожаатини қўллаб-қувватлаш, шунингдек мазкур хавфли инфекцияга қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш мақсадида стерил тиббий қўлқоплар, ҳимоя қилувчи комбинезонлар, махсус тиббий формалар, ниқоблар, дока, спирт, гигиеник геллар ва дори воситалари сингари умумий оғирлиги қарийб олти тонна бўлган тиббий буюмлар шаклида инсонпарварлик ёрдами юборилган.

«Аввало кириб келаётган Наврўз байрами билан Ўзбекистон ҳукуматини, меҳрибон ва дўст ўзбек халқини табриклаймиз. Ҳаёт қувончли ва қайғули кунлардан иборат. Коронавируснинг жаҳон бўйлаб тарқалиши ҳам дунё халқлари учун катта синов. Бу бўҳронли кунларда бир-биримизга ҳамдард, елкадош бўлишимиз керак.

Мамлакатларимиз маданиятида умумий тушунча бор: ҳақиқий дўст бошга оғир кун тушганда, ғаму шодликларда бирга бўлади. Ўзбекистон Республикаси эронликлар бошига ана шундай оғир дамлар келган пайтда биринчилардан бўлиб инсонпарварлик ёрдамини жўнатганидан жуда хурсандмиз. Бу саховатли кўмак Наврўз байрами остонасида бутун эронликлар қалбида унутилмас кун бўлиб қолади. Эрон Ислом Республикаси ҳукумати ва халқимиз номидан Ўзбекистон ҳукумати ва дўст, биродар халқига, айниқса Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами учун миннатдорлик билдирамиз. Умид қиламизки, бутун жаҳон аҳли коронавирусни биргаликда енгиб ўтади», – дея Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Ноирободийнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бундан аввалроқ Эрон Ислом Республикаси ҳукумати Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевга янги коронавирус COVID-19 касаллиги тарқалишини бартараф этиш учун зарур бўлган тиббий буюмлар ва воситалар билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан мурожаат қилгани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, президентнинг алоҳида кўрсатмасига мувофиқ, Мудофаа вазирлиги томонидан Эронга инсонпарварлик юкини етказиш учун ажратилган ҳаво кемасида айни жараёнда Эронда қолиб кетган 14 нафар юк ташувчи ҳайдовчилар, тадбиркорлар, талабалар – жами 31 нафар ўзбекистонлик ватанга олиб келинади. Бу фуқаролар ва самолёт экипажи белгиланган тартибда малакали шифокорлар, соҳа мутахассислари назорати остида икки ҳафта муддатда карантинда сақланади.

Мавзуга оид