Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини янада соддалаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди

Ўзбекистон фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланиши мумкин.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Ички ишлар, Мудофаа, Адлия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, “Давергеодезкадастр” қўмитаси 2020 йил 1 июлгача бўлган муддатда Ўзбекистон фуқароларини доимий прописка қилиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга ошириш тартиб-таомилларини автоматлаштирилишини ҳамда идоралараро электрон ҳамкорликни йўлга қўйилишини таъминлайди.

“Давергеодезкадастр” қўмитаси кўчмас мулк объектларининг манзиллари ягона реестрига мувофиқ фойдаланилишини таъминлайди.

Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларини доимий прописка қилиш билан боғлиқ ҳаракатларни идоралараро электрон ҳамкорлик орқали “Ягона дарча” тамойили асосида “Манзил” автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга оширишни таъминлайди.

Белгиланишича, идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий прописка қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар:

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида – 2020 йил 1 июлдан;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 2021 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилади.

Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ички ишлар, Адлия, Мудофаа, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва “Давергеодезкадастр” қўмитаси билан биргаликда:

2020 йил 1 июлгача бўлган муддатда — ариза берувчилар томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари порталида шахсий кабинет орқали доимий прописка билан боғлиқ ҳаракатларни амалга ошириш механизмини жорий қилади;

Ички ишлар вазирлиги ушбу қарорнинг қўлланилиши юзасидан мониторинг олиб боради ва таҳлил қилади ҳамда зарурият бўлганда, доимий прописка билан боғлиқ идоралараро маълумот алмашинуви тизимини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади.