«Бугунги кунга келиб ушбу хавфли инфекция 160дан ортиқ мамлакатда тарқалди. Дунё миқёсида касалланганлар сони 190 минг нафарга етди, 7,5 минг ўлим ҳолати қайд этилди, 81 мингдан зиёд бемор тузалди. Эпидемия кенг ёйилиб кетгани сабабли Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти уни пандемия деб эълон қилди.

Минг афсуски, бу юқумли хасталик мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Бугунги кунда юртимизда унга чалинган беморлар сони 15 нафарга етди.

Бу вазият олдиндан тўғри баҳоланиб, президентимиз топшириғига мувофиқ Республика махсус комиссияси тузилган эди. Шу боис Ўзбекистонга касалликнинг оммавий кириб келиши ва кенг тарқалишининг олди олинди.

Ҳозирда 6 мингга яқин киши карантинга олинган. Одамлар гавжум жойларда оммавий тадбирлар чекланган. 16 мартдан бошлаб барча таълим даргоҳларида таътил эълон қилинди. 80 минг талаба марказлашган ҳолда уйларига жўнатилди.

Ҳар бир ҳудудда ҳокимлар раҳбарлигида махсус штаблар ташкил этилган. Эпидемиологик вазият бўйича ҳар соатлик ва кунлик маълумот таҳлил қилиниб, тезкор чоралар кўрилмоқда.

Тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасалари сифатида мослаштирилди. Тиббиёт масканлари дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан етарли даражада таъминланди. Бунинг учун бюджетдан зарур маблағлар ажратилди.

Хориждаги юртдошларимиз чартер авиарейслари орқали Ватанимизга қайтарилмоқда. Чегараларда ҳаракат чекланди, аммо транспортда юк ташиш тўхтатилгани йўқ. Мамлакатимизга кўплаб хорижий ва маҳаллий юк ташувчилар кирмоқда ҳамда чиқиб кетмоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Президент Шавкат Мирзиёев вазият тўлиқ назорат остида эканини алоҳида таъкидлаб, халққа мурожаат қилди. 

– Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда. Муфтият раҳбарлигида диний уламолар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади.