Ўзбекистон | 16:13 / 18.03.2020
23388
2 дақиқада ўқилади

Тиббий ниқоб ва антисептиклар захираси етарлими? Тошкентдаги дори омборларининг биридан репортаж

Ўзбекистонда коронавирус аниқланганининг тўртинчи куни – 18 март ҳолатига кўра, беморлар сони 15 нафарни ташкил этмоқда.

Беморлар сонига мос равишда тиббий ниқоб, антисептик воситалар ва иммунитетни кўтарувчи дори воситаларига ҳам талаб ошиб боряпти. 17 март куни Kun.uz мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида «Grand Pharm» дорихоналар тармоғи раҳбарлари билан суҳбатлашди.

«Grand Pharm» бошқарув ҳамкорларидан бири Aзизхўжа Шамсутдиновнинг таъкидлашича, ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ.

«Омборхонамизда барча дори востилари захираси етарли даражада турибди», – дейди у.

«Охирги вақтларда тиббий маскаларга, антисептик воситаларга шунингдек, вирусга қарши антибиотикларга талаб юқори. Компаниямиз томонидан барча керакли тадбирларни қиляпмиз. Ўзимизнинг дорихоналарга тезлик билан дориларни етказиб беришга ҳаракат қиляпмиз. Мана, кўриб турганингиздек, омборхонамизда барча керакли дори воситаларли етарли.

Ниқобни ҳар икки соатда алмаштириш керак. Бир кунда бир кишига 8-10та маска керак бўляпти. Биз ҳам талабга қараб буюртмаларни бериб боряпмиз. Лекин дорихоналарга етказиб беришда бир оз қийинчиликлар бор», деди Aзизхўжа Шамсутдинов.

Aзизхўжа Шамсутдинов

Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат нарх-навога таъсир қилмайди.

«Бу ҳолатнинг нарх-навога ҳеч қандай таъсири йўқ. Қонун бўйича нарх-наволар белгиланган. Компания раҳбарияти нархларни назорат қилишмоқда. Халқимиз хотиржам бўлишини, дорихоналаримизда нархлар бир хилда бўлишини айтиб қолардим.

Дорихоналарга дори воситаларини етказиб беришни 2 бараварга оширдик. Бундан ташқари маҳсулотлар кириб келишда давом этмоқда. Ҳеч қандай муаммо йўқ. Халқимиздан эса хотиржам бўлишини сўраб қоламиз», дейди Шамсутдинов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари бозорига эпидемиологик ҳолатнинг таъсири юзасидан Korzinka ва Makro супермаркет тармоқлари раҳбарлари ҳам изоҳ бериб, фуқароларни хотиржамликка чақирган эди.

Мавзуга оид