«Ўзбекистонга мулкларни Гулнора Каримованинг ўзи қайтарганлиги ёки қолган мулклар бевосита Гулнора Каримова ёхуд бошқа алоҳида шахслар томонидан қайтарилиши мумкинлиги ҳақидаги таъкидлар ҳуқуқий асосга эга эмас ва шу боис ҳақиқатга тўғри келмайди», деб маълум қилди Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
Қайд этилишича, 2019 йилда халқаро тузилмалар ва фуқаролардан Г.Каримовага нисбатан олдин олиб борилган тергов ҳаракатлари билан қамраб олинмаган жиноятлар ҳақида хабарлар келиб тушган. Бу эса янгидан очилган ҳолатлар бўйича янги жиноят иши очилишига асос бўлган.
«Тергов Г.Каримова ўзига яқин шахслардан иборат бир нечта уюшган жиноий гуруҳ тузиб, жиноий уюшмага раҳбарлик қилгани, республиканинг саноат корхоналарида фаолият юритиб, унга жиноий йўл билан орттирилган даромаддан улуш бериб турган яна бир уюшган жиноий гуруҳга раҳбарлик қилганини аниқлаган.
Бундан ташқари, жиноий иш материалларига кўра, Г.Каримова фуқароларга ва турли компаниялар эгаларига босим ўтказиш ва қўрқитиш йўли билан ўзларининг мулкларини унга қарашли компанияларга қайта расмийлаштириб беришга мажбурлаган.
Иш бўйича тергов давомида Г.Каримованинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини у ва унинг яқин қариндошлари томонидан жалб этилган 7 нафар адвокат ҳимоя қилди. Бундан ташқари, барча тергов тергов ҳаракатларида адвокатларнинг иштироки таъминланди ва уларнинг ҳеч қандай чекловларсиз Г.Каримова билан холи учрашишига имконият яратиб берилди.
Тергов тадбирлари давомида Ўзбекистон Республикасининг жиноят-процессуал қонунчилиги бузилишига, шунингдек гумон қилинувчилар ва айбланувчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилмаган», дейилади вазирлик маълумотида.
18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Суд ҳукми билан Г.Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.
Қолган судланувчиларга ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, тегишли жазолар тайинланди.
Таъкидланишича, олдин кўрилган жиноий ишлар, шунингдек, сўнгги жиноий иш доирасида етказилган зарар миқдори







