2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди.

Ҳужжатга кўра, 2020 йил 1 майга қадар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Лойиҳаларда:

қишлоқ хўжалиги ерларининг тоифаси ва балл-бонитетидан келиб чиққан ҳолда ернинг норматив қийматини аниқлаш тартиби;

фойдаланилган сув ресурсларини солиққа тортишнинг бозор механизмларини ишлаб чиқиш;

фойдаланилган сув ҳажмлари ҳисобини юритиш, бунда соҳага замонавий ахборот–коммуникация технологияларини жорий қилиш;

сув ресурсларидан ўлчагич асбоблари ўрнатилмаган ҳолда фойдаланилганида сув истеъмоли ҳажмини аниқлашнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш назарда тутилади.

Ижро учун масъуллар - Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, “Давергеодезкадастр” қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, вазирлик ва идоралар.