Ота касби — давлат касби, деб бежиз айтилмаган. Ҳунар ортидан обрў-эътибор қозонган, оиласини ҳалолдан боқаётган, турли самараларга эришаётганлар кўп топилади. Бироқ, афсуски, ёшларни ҳунарли қилиш, улар орасида ўз ишининг усталари бўлишга қизиқиш сусайиб бораётгандек.

Kun.uz мухбири Россияга сафар давомида ҳунари ортидан ўз бизнесини гаражда бошлаган ўзбекистонлик билан учрашди.

Миразиз Мирсаидов Eastline Garage фирмасининг ҳаммуассиси ҳисобланади, у бизнес шериги билан Москвада тюнинг ателье очган ва муваффақиятли фаолият кўрсатиб келмоқда. У ўз тажрибаси ва малакаси билан ўртоқлашди.

— Москвага 2008 йилда ўқиш ниятида келганман. Рус мактабида ўқиганим учун олий ўқув юртига кириш мақсадида келдим, биринчи йил кира олмадим. Ўзбекистонга қайтиб кетдим. 2010 йилда қайтиб келдим ва чет тилларига қизиқиш борлиги боис, инглиз тилини ўрганишни бошладим ҳамда Россия давлат Туризм ва сервис университетига киришга тайёргарлик кўра бошладим.

— Миразиз, автотюнинг соҳасига қандай кириб келдингиз? Бу соҳанинг ҳам ўзига хос сир-синоатлари бор.

— Болалигимдан автомобилларнинг ҳар хил турларига қизиқаман. Россиянинг MTV телеканалида «Тачку на прокачку» кўрсатуви бўларди. Унда, машина келади, унинг салонини ўзгартиришарди, техник кўрсаткичларини ўзгартиришади, мотор ва бошқа бутловчи қисмларини ўзгартиришади. Менда ҳам шунга қизиқиш бўлган.

Айнан, автоателье очишга келганимнинг сабаби – бу соҳа, яъни тери, чарм билан ишлаш ота-бобомдан мерос десам ҳам бўлаверади. Бобом Асака шаҳрида пойабзал устаси бўлган, ундан отамга ўтган. Отамдан мен ўрганганман. Мен учинчи-тўртинчи авлод косибман. Дадамнинг пойабзал ишлаб чиқиш цехи бўларди ёшлигимизда. Ҳаммасини кўриб катта бўлдим. Чарм билан ишлашга қизиқишим шундан бошланган десам ҳам бўлади.

2013 йил Москвага ўқишга кириш ниятида қайтиб келдим. Орада шеригим Тимур билан танишиб қолдим. Мен чарм билан қандай ишлаш технологиясини, тикув усулларини биламан. Унда ҳам автоателье очиш ғояси бўлган. Автомобиль салонлари учун материал сотган. Аммо ҳунарманд шериги бўлмагани учун ғоясини амалга ошира олмаган, буюртмаларни эса бошқа ательеларга йўналтиришга мажбур бўлган.

Университетдаги ўртоқларим орқали у билан танишиб қолганман. Иш излаб юрган вақтим эди. Тимурнинг ғояси борлигини эшитиб, унга қўнғироқ қилдим, гаплашиб олдик. У ғоясини билдирган. Пойабзал устаси бўлган чарм косиби бошқа жиҳатларни тушунади, деб ўйлайман.