Ўзбекистон | 12:41 / 19.03.2020
78126
3 дақиқада ўқилади

ИИВда қатор лавозимлар тугатилди

Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинди

Фото: KUN.UZ

Президент “Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон ички ишлар вазирининг ўринбосари - Молия ва моддий-техника таъминоти бош бошқармаси бошлиғи, Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ўринбосари - Молия ва моддий-техника таъминоти бошқармаси бошлиғи лавозимлари тугатилди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Молия ва моддий-техника таъминоти бош бошқармаси вазирлик Молия ва моддий-техника таъминоти департаменти этиб қайта ташкил этилди.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:

Бош вазир ўринбосарига бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасига ажратилиб, улардан фойдаланишдан тежаладиган маблағларни қайта тақсимлаш ҳуқуқи берилади;

туман ва шаҳар ҳокимларига ўз ҳудудида жойлашган қишлоқ хўжалиги экин майдонларидаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш мақсадида Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармаларига учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш бўйича буюртма бериш ваколати берилади.

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси:

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги билан биргаликда қишлоқ хўжалиги ерларининг мониторинги самарадорлигини ошириш, уларнинг ўзбошимчалик билан эгалланишининг олдини олиш мақсадида космосуратлар билан ишлаш, уларни дешифровка қилиш ва Миллий геоахборот тизими имкониятларидан кенг фойдаланишни йўлга қўяди;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда қишлоқ хўжалигига оид маълумотлар базасини Миллий геоахборот тизими билан интеграция қилади ҳамда ер ва сув ресурслари бўйича узлуксиз маълумотлар алмашинувини таъминлайди;

учувчисиз учиш аппаратларини бошқарувчи сертификатланган пилотларни 2020 йил якунига кадар 100 нафарга, 2021 йил якунига қадар 200 нафарга етказиш чораларини кўради;

учувчисиз учиш аппаратлари ҳар бир туман ва шаҳарда ишлатилишини инобатга олган ҳолда, уларнинг самарадорлигини оширувчи дастурий таъминотларни жорий этиш, шунингдек, учиш харажатларини камайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Мавзуга оид