Йиғилишда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Карантинга ёпилган муассасалар ходимлари, карантиндаги фуқаролар ва уларга қаровчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий нафақа олувчилар сонини камида 10 фоизга ёки 60 мингтага ошириш бўйича вазифалар қўйилган.

Карантиндаги фарзандларига қараётган ота-оналарни ишдан бўшатишга мутлақо йўл қўйилмайди. Уларга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси юз фоиз тўлаб берилади.

Мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари фаолияти тўхтаб турган даврда тарбияланувчилар ва бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга йиллик меҳнат таътилидан фойдаланишнинг йиллик режасидан қатъи назар йиллик меҳнат таътили тақдим этилади.

Иқтисодий фаоллик пасайган пайтда аҳоли бандлиги масаласи алоҳида эътибор талаб этади. Шу боис Инқирозга қарши жамғармадан Жамоат ишлари жамғармасига қўшимча 200 миллиард сўм ажратилади. Ушбу маблағлар одамларни иш билан таъминлаш, бунинг учун маҳаллаларда қўшимча инфратузилма объектлари қуришга йўналтирилади. Шунингдек, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига 500 миллиард сўм қўшимча маблағ берилиб, иш ўринлари яратадиган бизнес субъектларга кўмаклашилади.  

Ушбу чора-тадбирларни сифатли бажариш мақсадида Бош вазир раҳбарлигида Инқирозга қарши республика комиссияси тузилиши белгиланди. Ушбу комиссия 22 мартдан бошлаб икки ой давомида ҳар бир туман ва шаҳарда коронавирусга қарши курашиш, саноат, хизмат кўрсатиш, савдо, транспорт, логистика ва бошқа корхоналарни барқарор ишлатиш масалаларини ҳал қилиб боради.

Коронавирус: Ўзбекистонда Инқирозга қарши жамғарма тузилиб, унга 10 трлн сўм ажратилади