Қашқадарё вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Улуғбек Эрназаровнинг Kun.uz’га маълум қилишича, барча йўловчи ташиш корхоналари вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат маркази билан шартнома имзолаган бўлиб, ДСЭНМ ходимлари ёрдамида йўловчи ташиш корхоналарида ҳар бир такси бепул дезинфекция қилинмоқда.
Шунингдек, Қарши шаҳри марказидан туманларга қатновчи «Дамас» микроавтобуслари, ҳозирча фаолият кўрсатиб турган бошқа жамоат транспортларини дезинфекциялаш ҳам қатъий белгиланган.




Сурхондарё вилоятида эса йўловчи ташиш корхоналари вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан шартнома имзолаган. Транспорт бошқармаси вакилига кўра, йўловчи ташиш корхоналарида фаолият юритадиган ҳар битта автомашина тегишли тартибда дезинфекция қилинмоқда. Жамоат транспортлари эса фаолиятини тўхтатган.
Вилоятга кираверишдаги йўл-патрул постида ҳам махсус гуруҳ ташкил этилган бўлиб, вилоятга кирадиган ҳар битта автомашинани дезинфекция қилиш йўлга қўйилган. Постда Бойсун туман санитария-эпидемиология маркази навбатчилик ташкил этган. Туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари ҳам шу масканда навбатчиликда. Улар вилоятга кираётган барча автомашиналардаги йўловчиларнинг ҳароратини тепловизор ёрдамида текширмоқда.
Самарқанд вилоятида йўловчилар оқими кескин камайгани сабабли жамоат транспортлари қатновида оралиқ вақтлари узайтирилган. Барча турдаги йўловчи ташиш транспортларида худди шу тартиб – ҳар тўрт соатда дезинфекция.



Йўловчилар сони кескин камайган, таксиларнинг кунлик тўлови эса йўқ. Такси ҳайдовчиларидан ушбу ҳолатга эътироз ёғилмоқда.
Таксичиларга кўра, шу кунларда уларнинг хизматидан фойдаланувчи йўловчилар сони 70-80 фоизга камайгани ҳолда йўловчи ташиш корхоналари таксилар учун одатдагидек кунлик ва ойлик тўлов сақланиб қолмоқда.
















