«Ишлаб чиқарувчи ёки улгуржи савдода нарх сунъий оширилса, табиийки чакана савдода ҳам нарх кўтарилади. Шу боис музлаткичли омборхоналар ва улгуржи тарқатиш базаларида товарларни қиммат нархда сотиш ҳолатларига йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда.
Нархлар ошиб кетишига йўл қўймаслик учун асосий эътибор тадбиркорлар муамммоларини ҳал қилишга қаратилмоқда. Биргина мисол. «Bonanza Trade Export» МЧЖга четдан Ўзбекистонга картошка олиб келиш учун 1 млн доллар миқдорида кредит ажратилишига кўмаклашилди.

Темир йўлларда картошкани ташишда имтиёзли нарх белгиланиши ҳамда Ўсимликлар карантини давлат инспекциясидан хулосалар олинишига амалий ёрдам кўрсатилди», дея Бош прокурор ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Маълум қилинишича, қисқа муддат ичида шунга ўхшаш 1400дан ортиқ тадбиркорлик субъектларига муаммоларни ҳал қилиш учун прокуратура органлари томонидан амалий ёрдам кўрсатилган.
Бош прокурор ўринбосари иқтисодиёт тармоқлари узлуксиз ишлашини қўллаб-қувватлаш, аҳоли даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида 10 трлн сўм маблағ йўналтирилганини эслатиб ўтган.
Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда ун, ўсимлик ёғи, шакар ва қолипли нон нархи асоссиз оширилишининг олдини олиш мақсадида биржа савдолари устида алоҳида назорат ўрнатилган.
«Афсуски, назорат тадбирларида айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан озиқ-овқат, дори-дармон маҳсулотлари ва тиббий буюмлар нархини асоссиз равишда ошириб сотиш ҳолатлари ҳам аниқланмоқда.
Ҳозирга қадар ўтказилган тадбирларда 645та ҳолатда жами 1 млрд 735 млн сўмлик маҳсулотлар қиммат нархга сотилаётгани аниқланиб, ушбу маҳсулотлар аҳолига арзон нархда етказилиши таъминланди. Бунга йўл қўйган 502 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди», дея қўшимча қилди Эркин Йўлдошев.
Эркин Йўлдошевнинг сўзларига кўра, республика бўйича бозорлар қошида 27 турдаги товарларни сотиш бўйича арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди. Биргина Тошкент шаҳрида бундай ярмаркаларда жами 27 тонна гўшт, 31 тонна картошка, 46 тонна пиёз, 54 тонна сабзавот,15,5 тонна полиз, 20 тонна ҳўл мева ва 2,5 тонна гуруч маҳсулотларининг сотилиши таъминланган.















