Жамият | 13:13 / 25.03.2020
41579
3 дақиқада ўқилади

Танқидга муносабат: Дарёга чиқинди оқизган корхонанинг бўёқ цехи фаолияти вақтинча тўхтатилди

21 март куни Kun.uz сайтида «Экологлар қаёққа қараяпти? Олтинкўл туманидаги дарёда бир кун қизил, бир кун кўк сув оқмоқда» сарлавҳали танқидий-таҳлилий мақола эълон қилинган эди.

Мақола ва видеолавҳада Олтинкўл тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Улуғнор каналига яқин ҳудудда фаолият юритувчи «KONTEKS-TASHKENT» корхонаси ўз чиқиндиларини оқизиши оқибатида сув ўзанида «экологик ҳалокатли» ҳолат юзага келгани ёритилган.

Андижон вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мақола юзасидан «KONTEKS-TASHKENT» жамиятида ўрганиш ўтказди ва сайт таҳририятига ўрганиш натижаларини тақдим этди. Бўёқ цехи фаолияти вақтинча тўхтатилган ва корхона жаримага тортилган.

«Kun.uz сайтида 2020 йил 21 март куни эълон қилинган Андижондаги Улуғнор канали экологик ҳалокат ёқасидалиги ҳақида мақола юзасидан Олтинкўл тумани Чинобод кўчаси ҳудудида жойлашган «Контекс-Ташкент» корхонасининг бўёқ цехи фаолияти ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш жараёнида аниқланишича, бўёқ цехида жорий йилнинг 13 март куни кундузги соат 12:00дан 14:00га қадар электр энергиясида узилишлар юзага келган. Оқибатда сув тозалаш иншооти ишламагани сабабли ишлаб чиқаришдан ҳосил бўлган оқова сувлар тозаланмасдан «Асака ташлама»си каналига оқизиб юборилгани кузатилган.

Ушбу ҳолатни бартараф этиш юзасидан Олтинкўл туман экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан шу куннинг ўзида жамият раҳбариятига оғзаки огоҳлантириш берилган.

Шунингдек, жорий йилнинг 16 март куни туман ДСЭНМ билан ҳамкорликда №01/57-сонли расмий огоҳлантириш хати берилган.

Андижон вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг ишчи гуруҳи томонидан 21 март куни «Контекс-Ташкент» жамиятининг бўёқ цехи фаолияти тўхтатилиб, очиқ сув ҳавзасига ташланаётган оқова сувларнинг чиқиш жўмраклари беркитилди.

Мақолада кўрсатиб ўтилган Андижон вилояти Экология бошқармасининг 2019 йил 24 декабрдаги лаборатория таҳлили намуналари кўрсатиб ўтилган бўлиб, унга асосан меъёрдан ортиқча ташланаётган ташламалар учун корхонадан қўшимча 6 млн 900 минг сўм миқдорида компенсация тўловлари ундириб олинган.

Бўёқ ишлаб чиқариш цехидан ҳосил бўлаётган чиқинди сувларни белгиланган талаб даражасига келтириш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди. Жамият раҳбари Андижон вилояти Экология бошқармаси томонидан қўйилган талаблар тўлиқ бажарилганидан сўнг бўёқ цехи фаолиятини ишга тушириш бўйича огоҳлантирилди», дейилади ахборотда.

Мавзуга оид