Ҳозирга келиб Италия коронавирус пандемиясининг ўчоғига айланишга улгурди. Мамлакатда футбол ҳақида ўйлаш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаяпти. Бунга Миландаги мода ҳафталигига ташриф буюрган хитойликлар сабабми ёки италияликларнинг саёҳатга мойиллигими? Буниси бизга қоронғу. Лекин шу нарса аниқки, Апеннин ярим ороли фавқулодда вазиятга мослашиб бўлди. Вирус эса чекинишни истамаяпти.

 Италия коронавирус қурбонлари сони бўйича аллақачон Хитойни ортда қолдирди, ўлим ҳолатлари эса кундан-кунга ортиб бормоқда. Афсуски, пандемия футболга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Биргина «Сампдория» клубининг 15 нафар ходимида вирус аниқланди, уларнинг 9 нафари футболчилардир. Коронавирусга чалинган илк таниқли футболчи – «Ювентус» ҳимоячиси Даниеле Ругани бўлди, кейинчалик унинг жамоадошлари Блез Матюиди ва Пауло Дибала ҳам инфекция юқтириб олгани маълум бўлганди. Шундан сўнг қолган ўйинчилар дарҳол изоляцияга олинди.

 Италия чемпионати тўхтатилганига қарамай, «Наполи» 25 март куни машғулотларни бошлашини эълон қилганди, бироқ Италия футболчилари ассоциацияси президенти Дамиано Томмази ушбу ташаббусда ҳеч қандай мантиқ йўқлигини айтди. Унинг таъкидлашича, вирусни юқтириб олган футболчиларга қараганда, ҳали аниқланмаганлари кўпроқ. Бундай ҳолатда машғулотларнинг бошланиши – ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавфга қўйиш билан баробардир. Умуман олганда эса А Сериянинг ёзда давом эттирилишига ҳам асосли шубҳалар бор. Шундай экан, келинг, танаффусдан олдин Италия футболида нималар бўлганини эслаймиз.

 Ўйини қовушмаётган «Юве»

Узоқ вақт давомида Италия футболида «Ювентус»нинг «тахт»дан ағдарилиши бунчалик яқин бўлмаганди. «Кекса синьора»га «Наполи» ва «Рома» қаршилик қилган йиллар бўлган, аммо барибир якунда туринликлар олтин медалларга эга чиқаверишган. «Ювентус» ҳамма вақт қолган жамоалар фонида зирҳли машина каби кўринарди. Жамоа бошқарувига «кекса синьор» – Маурицио Сарри келгач, гарчи клуб турнир жадвалида етакчилик (26та ўйинда бор-йўғи 3та дуранг ва худди шунча мағлубият) қилаётган бўлса-да, жамоанинг ўйинида қандайдир тушкун кайфият бор. Ғалабаларнинг аксарияти индивидуал маҳорат эвазигагина қўлга киритилмоқда, олдиндан ўйланган комбинациялар ҳақида эса гапиришнинг ҳам ҳожати йўқ. Майдон марказида Миралем Пьянич жамоа ўйинига уйғунлик бағишлай олмаётган бўлса (22та ўйинда атиги 2та ассист), Блез Матюиди ва Сами Хедиранинг ёши ўтмоқда, қанотларда Хуан Куадрадо ва Дуглас Костадан айтарли ҳеч қандай наф бўлмаяпти (иккиласининг ҳисобида 1та гол). Барчасини Пауло Дибаланинг ҳар замонда содир бўладиган «портлашлари» (7та гол ва 4та ассист) ва Криштиану Роналдунинг доимий фаоллиги ҳал қилиб бермоқда. «Юве»нинг А Сериядаги голларининг деярли ярми португалиялик футболчининг ҳисобига ёзилган.