Уларга ҳокимиятлар, ички ишлар тизими, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари яқиндан кўмаклашмоқда.

Маълум қилинишича, мамлакатнинг барча тиббиёт муассасалари кучайтирилган иш режимига ўтказилиб, 11та тиббиёт муассасаси ва 97та сиҳатгоҳ, оромгоҳ ва ётоқхоналар карантинга ихтисослаштирилган.

Ушбу вирусли инфекцияни жиловлаш, тарқалишининг олдини олиш ҳамда профилактика қилиш мақсадида уй шароитида 80 мингга яқин, стационарда 12 минг нафар фуқаро карантинга олинган.

«Бу офатдан халқимизни асраш бўйича мамлакат миқёсида таъсирчан чоралар кўрилмоқда. Хусусан, касаллик аниқланган илк кунданоқ барча таълим ва диний муассасалар фаолияти, халқаро ва ички жамоат транспортлари қатнови тўхтатилди.

Одамлар гавжум бўладиган жойлар, хусусан, барча буюм бозорлари, умумий овқатланиш шохобчалари вақтинча ёпилди.

Мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхона ва ташкилотлар ходимларига таътил берилиб, масофавий ишлашга ўтказилмоқда», деган президент.

Шунингдек, хориждаги фуқароларимизни қайтариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Дастлаб уларни Хитойдан эвакуация қилган бўлсак, ҳозирда барча давлатлардан олиб келинмоқда.

Хориждаги ҳамма дипломатик ваколатхоналаримизда штаблар ташкил этилган. Охирги 10 кун ичида 20та чартер рейслар амалга оширилди. Россия, Туркия, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Миср, Малайзия, Ҳиндистон, Таиланд, Индонезия ва Германиядан тўрт мингга яқин фуқароларимиз олиб келинди, қўшни давлатлар билан чегараларимиздан 80 мингдан ортиқ ватандошларимиз ўтказилди ҳамда юртимизда ташкил этилган профилакторий, санаторий ва бошқа шифо масканларида карантинга олинди.

Бундан ташқари, дипломатик миссияларимиз Россия, Хитой, Сингапурдан экспресс-тестлар, тиббий анжомлар ва гуманитар юкларни олиб келиш бўйича амалий ишларни бажармоқда, илғор давлатларнинг етакчи ва тажрибали мутахассисларини жалб этиш бўйича саъй-ҳаракатлар кучайтирилди.

Бундан аввалроқ президент Ўзбекистондаги коронавирус қайд этилган 65 кишидан 11 нафари тиббиёт ходимлари эканини маълум қилганди.

Президент бугун «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.