Ўзбекистон | 15:26 / 28.03.2020
37758
3 дақиқада ўқилади

Андижонда 4та марказий шифохона карантинга олинган. Фуқароларни қабул қилиш бошқа шифохоналарга кўчирилди

Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси, Андижон вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали ва Андижон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси зудлик билан 14 кунга вақтинча ёпилиб, карантин эълон қилинди

Андижон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси/Фото: KUN.UZ

Андижонда бир оила аъзолари – 3 нафар фуқарода коронавирус аниқлангани, эр-хотин ва унинг талаба қизида инфекция тасдиқлангани хабар берилган эди. 

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, касаллик ташхиси қўйилган аёл 10-11 март кунлари Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида ва унинг қизи ҳам Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида 10-18 март кунлари бўлиб, Андижонга қайтганлар.

Аёлнинг эрида касаллик аломатлари аниқланганидан сўнг ўтказилган тиббий текширув натижасида бир оиланинг 3 та аъзосида коронавирус аниқланган. Улар ҳозирда махсус шифохонада экани, умумий аҳволи қониқарли, алоҳида ҳолатда тиббий назоратда даволанаётгани айтилади.

“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра ушбу 3 нафар коронавирус аниқланган шахслар ташриф буюрган барча ташкилотлар, яъни, Андижон шаҳрида жойлашган Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси, Андижон вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали ва Андижон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси зудлик билан 14 кунга вақтинча ёпилиб, карантин эълон қилинди. 

Беморнинг уйи, қариндошлари, танишлари, касбий мулоқотда бўлган шахслар ҳам алоҳида назоратга олинди”, - дейилади хабарда.

Андижон вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг фаолияти карантинга олингани муносабати билан Андижон шаҳар болалар шифохонасига юклатилди.

Андижон Давлат тиббиёт институти клиникаси ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалининг фаолияти Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига берилди.

Андижон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасининг хизмат фаолияти карантин мобайнида Андижон шаҳрининг бошқа 8 та оилавий поликлиникаларига тақсимланди.

Андижонда туғруқхоналар, тез тиббий ёрдам – 103 хизмати, барча поликлиникалар, барча шифохоналар, шунингдек, хусусий шифо масканлари аҳолига тиббий хизматни қатъий тиббий-санитария қоидаларига риоя қилиб, чегараланган ҳолда давом эттирмоқда. 

“Коронавирусга гумон қилинганларни телефон орқали мулоқот, суриштирув ва хабарлар асосида махсус ҳимояланган тиббий бригадалар таркибидаги шифокорлар томонидан кўрикдан ўтказмоқдалар”, деб хабар берган Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси.

Мавзуга оид