Жамият | 15:14 / 28.03.2020
22640
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда коронавирус ҳақида сохта ахборот тарқатган фуқарога маъмурий қамоқ жазоси қўлланди

Қашқадарё вилояти ИИБ Тезкор-қидирув ҳамкорлик бўлими тезкор ходимлари коронавирус инфекцияси билан боғлиқ асоссиз ва ёлғон маълумот ва хабарларни ижтимоий тармоқларда ва мессенжерларда тарқатиб келаётган шахсларни аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Яқинда Телеграм мессенжерида очилган бир ярим мингдан ортиқ аъзоси бўлган «Qashqadaryoliklar group» гуруҳида «Otabek aka» номи билан очилган профил эгаси гуруҳда эълон қилинган «Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар 5 нафарга ошиб, уларнинг умумий сони 55 нафарни ташкил этмоқда» деб номланган хабарга жавобан «Э-э, одамларни алдашдан нима фойда? 1000 дан ошиб кетган-ку касалланганлар Ўзбекистонда. Тўғрисини айтиш керак, одамлар шунга қараб чиқмайди кўчага. Келмас экан деб юрибди кўчада» деган изоҳларни ёзиб қолдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, телеграм ижтимоий тармоғидан «Otabek aka» номи билан рўйхатдан ўтган фуқаро Шаҳрисабз шаҳри, «Уймовут» МФЙда яшовчи Отабек О. эканлиги аниқланган.

Фуқаро Отабек О. билан мазкур ҳолат юзасидан суҳбатлашилганда у бу хабарни ҳеч бир асоссиз ёзганлигини, Тошкент шаҳридан келган маҳалладошларидан «Тошкентда вазият яхши эмас», деган гапларини эшитгани учун касалланганлар сони кўп бўлса керак, деб ўйлаганлигини, шу сабаб «касалланганлар сони 1000 дан ошиб кетди», деб Телеграмдаги гуруҳда ўзига тегишли «Samsung Galaxy S8» аппарати воситасида ёзганлигини маълум қилган.

Юқорида қайд этилган ҳолат юзасидан фуқаро Отабек О.га нисбатан Шаҳрисабз туман ИИБ ҲПБ ТП профилактика инспектори катта лейтенант Л.Мўминов томонидан жорий йилнинг 27 март куни ЎзР МЖтКнинг 205-моддаси асосида маъмурий иш ҳужжатлари тўпланган ва судга юборилган, деб хабар қилмоқда Қашқадарё вилоят ИИБ ахборот хизмати.

Маъмурий ишлар бўйича Чироқчи туман судининг 2020 йил 27 март кунидаги қарорига асосан фуқаро О.Р.Оймаматовга нисбатан ЎзР Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 205-моддаси билан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид