Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан «CENTIL» юридик фирмаси ҳамкорликда маҳаллий тадбиркорлар, фермерлар, импорт ва экспорт жараёни иштирокчилари ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектлар учун объектив мураккаб шароитда уларни ҳимоя қилиш мақсадида мазкур эслатма ишлаб чиқилди.

1. Бизнинг бизнесимизга COVID-19 туфайли зарар етмоқда. Кредитлар, етказиб берувчилар, ижара ва бошқалар учун тўловларни тўхтатиб туришимиз мумкинми?

Бундай қила олмаслигингиз эҳтимоли юқорироқ. Шартнома шартларини диққат билан ўқинг. Агар сизнинг шартномангизда форс-мажор ҳолатлари, айниқса, эпидемияларнинг бошланиши ва уларнинг ўзига хос оқибатлари тўғрисида батафсил ёзилмаган бўлса (тажрибага асосланиб, биз улар ёзилмаган, деб тахмин қиламиз), катта эҳтимол билан, сиз ҳатто эпидемия каби назорат қилиш имконсиз бўлган ҳолатлардан ҳам шартнома бўйича мажбуриятларни бажармаслик учун асос сифатида фойдалана олмайсиз. Гап шундаки, маблағ етишмаслиги ёки контрагентлар томонидан мажбуриятларнинг бажарилмаслиги форс-мажор ҳолатлари эмаслиги Фуқаролик кодексида тўғридан-тўғри кўрсатиб ўтилган.

Шу билан бирга, Давлат активларини бошқариш агентлиги умумий овқатланиш, туризм корхоналаридан, ўқув марказларидан ва ушбу карантин даврида фаолияти тўхтатилган бошқа корхоналардан давлат мулкини ижарага олганлик учун ҳақ олинмаслигини эълон қилди. Таъкидланишича, инвесторлар инвестиция мажбуриятларини бажаришларини кечиктириши мумкин. Бундан ташқари, Марказий банк томонидан барча тижорат банкларига пул маблағлари оқимлари пасайиши кузатилаётган ва лойиҳаларини амалга ошириш бўйича кечикиш пайдо бўлган корхоналар томонидан кредитларни қайтаришни узайтириш имкониятларини ўрганиш тавсия қилинди.

2. Ҳа шундай, аммо бизда форс-мажор шарти ёритилган. У бизга ёрдам берадими?

Бундай ҳолатда барчаси унинг батафсил ёзилганлигига боғлиқ бўлади. Агар ушбу шартда эпидемия юзага келганида, шартномаларнинг ижроси тўхтатиб қўйилиши аниқ кўрсатилган бўлса, унда сиз бажариш муддатини кечиктиришингиз мумкин. Шуни унутманг, форс-мажор бу биринчи навбатда шартномани амалда бажариш имконсизлигидир, ресурслар ёки истакларнинг етишмовчилиги эмас.

Масалан, бош ҳисобчи ёки директорнинг карантинга жойлаштирилиши ва давлат идоралари томонидан уларнинг банк ҳисобрақамига кириш учун электрон калитлар билан қўл телефонларининг олиб қўйилиши бунга яққол мисол бўлиши мумкин. Бундай ҳолда объектив ҳолатлар сабабли шартномани бажариш имконсизлиги кўриниб туради. Баъзи йирик шартномаларда Material Adverse Effect бобларига, яъни харажатларни қоплаш, шартномаларни тўхтатиб туриш ва ҳатто бекор қилишгача бўлган шартларни келтириб чиқарувчи форс-мажор ҳолатларининг оқибатлари кўрсатиб ўтиладиган ҳаволалар мавжуд бўлиши мумкин.