Жамият | 14:10 / 29.03.2020
6185
2 дақиқада ўқилади

ФВВ ёнғин хавфсизлиги бўйича эслатма билан чиқди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги барча фуқаролар карантин туфайли уйда ўтирган ҳозирга вақтда ёнғин хавфсизлиги чораларига диққатли бўлишга чақирди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Даврон Камбаров фуқаролар уйда ўтириши талаб этилаётган карантин даврида ёнғин хавфсизлигига эътиборли бўлиш зарурати ҳақида эслатиб ўтди.

«Карантин талабларини бажариш учун фуқароларимиз хонадонларда қолиб, бошқа оддий кунларга қараганда уйлардаги барча электр ва газ таъминотини воситаларини ишлатишлари сир эмас. Айниқса, ҳовли уй-жойларда уй эгалари томонидан очиқ оловдан фойдаланиб, ўчоқларда овқат тайёрлашларини кўришимиз мумкин.

Шундан келиб чиққан ҳолда, очиқ оловдан фойдаланишда эътиборсиз бўлмаслик, эҳтиёткорлик ва ёнғин хавфсизлиги чораларини кўриш, аланга ва чўғларни ўчирмасдан қолдирмаслик, носоз бўлган электр сим ва воситаларини таъмирлаш ёки умуман ишлатмаслик, табиий газдан, айниқса газ баллонларни фойдаланиш қоидаларига риоя этиш, болаларни уйда ёлғиз қолдирмаслик сўралади», дея Даврон Камбаровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, объектларни муҳофаза қилиш мақсадида 1100 нафар ёнғин-қутқарув тузилмалари шахсий таркиби, 300га яқин махсус техникалар, ФВДТнинг тегишли хизматларининг 12 000 нафардан ошиқ шахсий таркиби ва 2500дан ошиқ махсус техникалари шай ҳолатга келтирилган.

«Муаммоли вазиятлар юзага келганда «ўзим чорасини кўраман» демасдан, зудлик билан керакли ташкилотлар, яъни 101, 102, 103, 104 телефон рақами орқали мутахассисларини чақиришингиз сўралади. Фавқулодда вазиятлар хавфини сезганингизда юқорида айтиб ўтилган ва 1050 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг», дея қўшимча қилди Даврон Камбаров.

Мавзуга оид