Жаҳон | 11:53 / 30.03.2020
27534
4 дақиқада ўқилади

«Коронавирус — Ҳолливуд триллери эмас»: Медведев русларга мурожаат қилди ва уйда ўтиришга чақирди

Россиянинг собиқ бош вазири, РФ Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали россияликларга мурожаат қилди.

Фото: Екатерина Штукина/POOL/ТАСС

У аҳолини муаммога жиддий ёндашиб, уйдан ёки дала ҳовлидан ўта заруриятсиз чиқмаслик, кутилаётган иқтисодий муаммолар тўғрисида огоҳлантирди. Медведевнинг мурожаати «ВКонтакте», «Фейсбук» ва IGTV орқали эълон қилинган.

«Ҳозир содир бўлаётган воқеалар кимларгадир қандайдир ўйин, кино, Ҳолливуд триллери каби кўриниши мумкин, лекин бу асло ўйин эмас. Жаҳонда вирус юқтирганлар сони ярим миллиондан ошди. Афсуски, бугун содир бўлаётган воқеалар ҳар биримиз ва бутун инсоният цивилизацияси учун реал таҳдиддир», — деди Медведев.

У эпидемия фонида саросимага тушмаслик жуда муҳимлигини қайд этиб ўтган. Унинг таъкидлашича, коронавирусга қарши барча чоралар кўрилмоқда, шунингдек у «касалликнинг тез тарқалишига тўсқинлик қилишни уддалаётган» шифокорларга алоҳида миннатдорчилик билдирди.

«Нима бўлганда ҳам, биз сценарийнинг турли ривожларига тайёр турмоғимиз керак. Нохуш сценарий янада қатъий чоралар кўрилишини тақозо этади, шу сабабли бу нарса содир бўлмаслиги учун қўлимиздан келган барча ишларни қилишимиз керак: президент мурожаатига диққат қилинг, ўз интизомингизни намоён қилинг ва энг асосийси — ўзингиз ва яқинларингиз учун қўшимча таҳдидлар яратманг», — деди Дмитрий Медведев.

Медведев бу инсоният тарихидаги биринчи эпидемия эмаслигини қайд этиб, «инсоният аввал ҳам бирлашиб бундай касалликларни енгганини» таъкидлади. У шунингдек, COVID-19 пандемияси туфайли бўлажак иқтисодий қийинчиликлардан огоҳлантирди ва Россия бундай қийинчиликларни енгиб ўта олишига ишонч билдирди.

«Албатта, пандемия иқтисодий қийинчиликларга олиб келади. Уни аллақачон жаҳоннинг кўпгина давлатлари, жаҳон иқтисодиёти бошидан кечирмоқда. Россия қўшалоқ шокка дучор бўлди: вирусга нефть котировкаларининг қулаши қўшилди, лекин сиз билан бизда қийинчиликларни енгиб ўтиш бўйича муваффақиятли тажриба бор», — деди Медведев.

Мисол тариқасида Медведев Россия нефть нархининг тушиши ва санкцияларга дучор бўлган 2014 ва 2015 йилларни келтирди. У ўшанда мамлакат муаммони енгиб ўтгани ва «импорт ўрнини босиш учун кўплаб соҳаларни ривожлантира олгани»ни қайд этган.

РФ Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари иқтисодий масалалар ҳозир иккиламчи, асосийси — инсонлар саломатлиги эканига урғу қаратган. У россияликларга 30 мартдан 5 апрелга қадар эълон қилинган ҳафтани биргаликда дам олиш учун сабаб сифатида қабул қилмасликни, яхшиси уйни умуман тарк этмасликни сўради.

«Ҳар биримизнинг хатти-ҳаракатимиз мамлакат учун жуда муҳим. Баҳорнинг бу илиқ кунларида кишиларда дўстлари билан учрашиш, шаҳар айланиш, пикникка чиқиш истаги пайдо бўлиши мумкин. Ушбу кунлардан оддий таътил сифатида фойдаланиши мумкин. Бундай ёндашув ярамайди. Квартира ёки дала ҳовлини фақат ўта зарурият юзасидан тарк этинг», — деди Медведев.

У бўш вақтдан унумли фойдаланиш — яқинлар билан мулоқот, ўз билимини ошириш, уй ишлари, кино томоша қилиш ва китоб ўқиш билан шуғулланишга чорлади.

«Ҳар қандай эпидемия ҳаётий циклга эга: у туғилади, ўсади ва кетади. Аминманки, биз барчамиз биргаликла бу муаммони енга оламиз ва вазиятдан ғолиб сифатида чиқамиз», — дея сўзларини якунлаган Дмитрий Медведев.

Мавзуга оид