1918 йилда «Испанка гриппи» деб аталувчи вирус бутун дунёни чулғаб, ўн миллионлаб инсонни ҳаётдан олиб кетган. Қаердадир ўқидим: айни кунларда бундай оғриқли оқибатларнинг олдини олишда замонамизнинг бош ютуғи — интернетнинг кашф этилгани катта ўрин тутмоқда. Яъни, давлатлар ўртасидаги мулоқот, маълумот алмашишнинг тезлиги вазиятга аниқроқ, эртароқ баҳо бериш имконини бермоқда.

Демак, коронавирусга қарши бугунги жангда ахборотнинг аниқлиги, тезлиги, фойдалилиги катта аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон аҳолиси қайсидир маънода онлайн ва оффлайн инсонларга бўлиниб қолгандек. Ижтимоий тармоқларга кирсангиз, ҳамма вазиятни тушунган, кўпчилик уйда ўтирибди, оилавий карантин жорий қилган, имкон қадар бошқаларни ҳам шунга чақирмоқда.

Кўчага чиқсангиз — ҳамма ўз ҳолича, деярли ҳамма, камида Телеграм тармоғига уланган бўлса-да, ахборотлар турлича, аниқ манбалар ҳақида маълумотлар кам. Натижада, миш-мишлар кўпайди, «бозорлар ёпилармиш», каби асоссиз хабарлар оқибатида, кўп жойларда хаоснинг иккинчи тўлқини кузатилди.

Шу нуқтайи назардан, кўпчилик телевидениега боғлиқ экани, у ерда берилаётган ахборотларга кўпроқ ишонишини эътиборга олиб, бу мавзу кенгроқ ёритилишини истардим.

Ҳа, одамларни (айниқса, аёлларни) уйда ўтиришга қизиқтириш учун қўлдан келгунча ҳаракат қиляпсизлар, чала қолган, ҳаттоки тақиқланган турк сериалларини ҳам аста-секин қайтаряпсизлар, лекин ушбу вазиятда телеканалларнинг ижтимоий масъулияти бу билан чекланмаслиги керак.

Коронавирус хавфи, карантин фойдалари, бу мавзудаги тўғри тушунтиришлар, хабарлар, тарғиботлар айниқса, телевидениеда, хусусан хусусий телеканалларда ҳам кўпайиши керак, назаримда.

Коронавирус нима учун хавфли?

Аслини олганда, вируснинг ўзи у қадар қўрқинчли эмас, оғирлик даражаси, ўлим эҳтимоли юзасидан бир қатор оддий, биз билган ва биз қўрқмайдиган касалликлардан кўп ҳам фарқ қилмайди. Аммо бутун дунёни мана шундай вазиятга келтириб қўйган омил — коронавируснинг осон юқувчи экани, ҳамда касалликнинг дастлабки босқичларининг яширин ўтишидир. Яъни, сиз мулоқот қилаётган инсоннинг касал эканини билмайсиз, ҳатто унинг ўзи ҳам буни билмаётган бўлиши мумкин.

Коронавирус шунчаки бир инсон билан яқиндан туриб суҳбатлашганда, қўл бериб сўрашганда ва ҳатто у қўли билан ушлаган темир, пул, эшик тутқичи, умуман, ҳар қандай турдаги буюмларни билмаган ҳолда ушлаш орқали ҳам юқиши мумкин. Яъни, бир ўзингиз кўчага чиқиб, оддий темир устунга суяниб ёки магазин эшигини очиб ҳам, вирус юқтириб олишингиз мумкин.