Бугунги кунда Тожикистон коронавирусга чалиниш билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолат қайд этилмаган саноқли давлатлардан бири бўлиб турибди.
Оддий аҳоли ва мутахассисларни бир савол қизиқтирмоқда: Тожикистон қандай қилиб коронавирусдан ўзини ҳимоя қила олди, бунда қандай омиллар роль ўйнади?
Sputnik Тожикистон энг кенг тарқалган тахминларни эълон қилди.
Танилмасанг, соғлом бўласан
Тожикистон – етарлича ёпиқ мамлакат. Уни йирик ўтказиш пункти ёки хорижлик туристларнинг севимли маскани деб бўлмайди.
Авиабилетлар нархи "чақади", ҳеч ким туризмни реклама қилмайди. Туристлар оқими кам. Шунга мос равишда, республикада авиапарвозлар минимал миқдорда, транзит рейслар умуман йўқ. Шу боис Тожикистон ҳудудига инфекция кириб келиши Европа ёки Шимолий Америка мамлакатларига нисбатан анча қийин. Зеро вирус тарқатувчи асосий хатар туристлардир.
Ана шу ёпиқлик Тожикистонни коронавирусдан ҳимоя қилди, деган фикр мавжуд. Унинг иқтисодий, халқаро алоқалар ва авиапарвозлар тармоғи ривожланган қўшнилари бўлмиш Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Тожикистонга нисбатан бир неча баравар кўп хорижликларни қабул қилади.
Бундан ташқари, Тожикистон қитъа ичкарисида, транспорт оқимидан четда жойлашган. Хитой билан шарқий чегара зудлик билан ёпилди. Қозоғистон орқали транзитнинг вақтинча тўхтатилиши ҳам республика хавфсизлигини таъминлади.
Коронавирус – бойларнинг касаллиги
Навбатдаги тахмин – у ёки бу мамлакат фуқаролари қанча кўп саёҳат қилса ёхуд қанча кўп хорижликни қабул қилса, коронавирус тарқалиши эҳтимоли шунчалик юқори бўлади.
Коронавирусни топиш-тутиши яхши одамлар олиб келмоқда. Тожикистон фуқаролари эса даромади камлиги ва билетлар нархи сабабли чегарадан ташқарига кам чиқишади. Аҳолининг аксарият қисми хорижда ишлайди, уйига бир-икки йилда бир марта келади.
Тиббиёт заифлиги туфайли коронавирусни аниқлай олишмаяпти
Тожикистон тиббиёти даражаси касалхоналар жиҳозланиши ва мутахассислар малакаси бўйича жаҳон стандартлари даражасига жавоб бера олмайди.
















