«Мен ҳозиргина дўстим, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан гаплашдим. У Россия президенти Путин билан мулоқот қилган. Мен кутяпман ва умид қиламанки, улар нефть қазиб олишни 10 миллион баррелга қисқартиради, балки кўпроқ бўлиши ҳам мумкин. Агар бу юз берса, бу нефть саноати учун ажойиб бўлади», деб ёзди АҚШ президенти Дональд Трамп твиттердаги саҳифасида.

Трампнинг бу пости биржаларда «қора олтин» нархи кескин ўзгаришига сабаб бўлди. Brent туркумидаги нефтнинг бир баррели нархи 46,7 фоизгача кўтарилиб 36,29 долларга етди. Бу вақтинчалик ҳолатми? Нефть бозорини қандай ўзгаришлар кутмоқда?

Нега Россия нефти қимматлашмади?

Brent 46 фоизгача қимматлагач, кейин аста-секин пастлашни бошлади. Ҳозир бу турдаги нефтнинг 1 баррели 29,91 доллардан сотилмоқда. 34,86 фоизгача қимматлаб 27,39 долларга кўтарилган WTI туркумидаги нефть кейинроқ 25,04 доллардан сотила бошланди. Аммо негадир Россиянинг Urals маркасидаги нефти нархи ўзгаришсиз қолди.

Ғарбий Европа биржалардаги 1 апрель савдоларида Urals маркасидаги бир баррель нефть учун 10,5 доллардан таклиф қилинаётганди. Brent нархи 40 фоиз ошганидан кейин ҳам Urals нархи ўзгаришсиз қолди. Бу ажабланарли ҳолат, чунки доим Brent ортидан Россия нефтининг нархи ҳам кўтариларди.

Россия нефтни режадагидан 4 баробар арзон сотмоқда

Ҳозир Россия учун нефть қазиб олиш ва уни харидорга етказиб бериш зарарга айланиб қолди. Россияда нефть қазиб олиш ва уни харидорга етказиб бериш харажатлари унинг нархи бир баррелга 15 доллар бўлганида ҳам ўзини оқламайди. Нефтчилар тили билан айтганда, Urals ҳозир «салбий экспорт нархи»да сотилмоқда. Россия йил бошидаги бюджет тақсимотида нефтни камида 42,4 доллардан сотишни мўлжаллаган, аммо ҳозир тўрт баравар камига сотишга мажбур. Россия бюджети Urals маркасидаги нефтнинг бир баррели 15 долларга тушганидаёқ зарар кўра бошлаган эди.

Бугун нефть нархи арзонлашишининг асосий сабаби дунё бўйлаб коронавирус пандемияси тарқалиши даврида талабнинг кескин пасайиши ҳисобланади. Бундай пайтда содир бўладиган ҳар қандай кутилмаган ҳолат нархлар кескин ўзгаришига сабаб бўлади. Нархни эса талаб ва таклиф эркин кўринадиган хомашё биржаларидаги харидор белгилайди.