Жаҳон | 17:01 / 07.04.2020
28418
6 дақиқада ўқилади

Карантин ёрдам берди: Хитойда январдан бери илк марта ўлим ҳолати қайд этилмади

6 апрель куни Хитойда илк марта коронавирусдан ўлим ҳолати қайд этилмади (бир кун аввал икки киши вафот этганди). Коронавирус тарқалиши ўчоғи бўлган ушбу мамлакатда ўтган куни коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ 32 ҳолат қайд этилди (бир кун аввал 39 ҳолат эди) ва бу ҳолатларнинг барчасида вирус хорижда юқтирилган. Янги вирусдан энг кўп жабр чеккан Хубэй провинциясида эса шу куни бирорта зарарланиш ҳолати қайд этилмаган.

ХХР Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси маълумотларига кўра, Хитой ҳукумати 22 январдан буён ҳар куни янги ўлим ҳолатлари тўғрисида маълумот бериб келаётганди.

Роман Пилипей / EPA / Scanpix / LETA

23 январда Хубэй провинциясида қатъий карантин жорий этилганди. Икки ой давомида ушбу ҳудуд маркази, 11 миллион киши яшайдиган Уҳан шаҳридан чиқиш ва унга кириш тақиқланди. Шаҳар билан темир йўл орқали ва авиаалоқалар тўхтатилди, одамларга уйдан чиқмаслик буюрилди.

Хубэй провинциясининг айрим ҳудудларида 10 март кунидан карантин чоралари юмшатила бошланди. Март ойи ўрталарида Уҳан шаҳри бўйлаб ҳаракатланишга ва муҳим корхоналар фаолиятига рухсат берилди. 25 март куни эса Хубэй провинциясига кириш ва чиқишга ўрнатилган чеклов бекор қилинди. Март ойи охирида Хитойда кундан-кунга зарарланиш ҳолатлари камайди, кунлик ўлимлар сони 10тадан кўп бўлмади.

Эндиликда Хитой ҳукумати 8 апрель кунидан Уҳанда ҳаракатланишга доир қисман чекловлар ҳам бекор қилинишини маълум қилди. Айни вақтда шаҳарда метронинг бир неча бекатлари очилган, кўплаб корхоналар фаолияти тикланган, ресторанлар ва савдо марказлари ишламоқда.

Мобил телефонида AliPay иловаси (саломатлик ҳолатини кўрсатиб турувчи илова) мавжуд бўлганларга яшил, сариқ ёки қизил рангли код берилади. Сариқ рангли код эгаларидан бир ҳафта уйдан чиқмаслик сўралади, қизил код эса икки ҳафталик карантинни ўташ шартлигини билдиради. Яшил код эса Уҳандан чиқиш имконини беради.

Ҳозирча ўқув муассасалари ва болалар боғчалари ёпиқлигича қолмоқда, бу эпидемиологик вазиятга илмий баҳо берилишига боғлиқ.

Қатъий карантин Уҳанда икки ой давомида сақланиб турди. Мамлакатдаги бошқа йирик шаҳарлар, масалан Шанхай ёки Пекинда бундай кескин чоралар қўлланмади. Фақат айрим ҳудудларда март ойида ҳам хориждан келганлар учун 14 кунлик карантин тартиби амалда бўлди.

Статистикага кўра, Хитойда эпидемия чўққиси февраль ойида ўтиб бўлган. 23 февралданоқ коронавирус қурбонлари сони камайишни бошлаганди.

Биринчи зарарланиш ҳолати қачон қайд этилганди?

Ҳозирча янги коронавирус қайси жонивордан одамга юққани ва айнан ким «нолинчи бемор» бўлгани тўғрисида аниқ маълумот йўқ.

Биринчи зарарланиш ҳолати ҳақидаги маълумотлар ҳам турлича. Хитой ҳукумати коронавирусдан зарарланганларнинг илк гуруҳи 30га яқин киши бўлгани ва уларда касаллик 31 декабрь куни аниқланганини маълум қилган.

Кейинроқ Хитойдаги нашрларда бошқа маълумотлар келтирилди.  Масалан, «Пэнпай» газетаси Уҳандаги илк бемор декабрь ойи ўрталарида аниқлангани ҳақида ёзган. Беморларнинг барчаси шаҳардаги денгиз маҳсулотлари сотиладиган «Хуанань» бозорига алоқадор бўлган.

South China Morning Post нашри эса Хитой ҳукумати ҳужжатларига асосланган ҳолда илк зарарланиш ҳолати 2019 йилнинг 17 ноябрида қайд этилганини ёзган. Нашр маълумотига кўра, мамлакатда 2019 йилда коронавирусдан зарарланган 266 киши ҳақида ҳукуматга маълум бўлган ва улар шифокорлар назоратида турган.

Нашрнинг ёзишича, булар 31 декабрга қадар маълум бўлиб улгурган беморлардир. Лекин 11 январь куни Уҳан шаҳри ҳукумати ҳудудда 41 кишида коронавирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилганини маълум қилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, Хитойда вирусдан зарарланишнинг илк ҳолати 8 декабрь куни тасдиқланган, аммо ташкилот бу маълумотни мустақил аниқланмаган, балки ҳукумат берган маълумотга асосланган.

Карантин қандай ёрдам берди?

Уҳанда ресторанлар ва жамоат транспорти ишлай бошлади / Getty Images

Хитой, АҚШ ва Буюк Британиядаги мутахассислар гуруҳининг 31 март куни Science нашрида эълон қилинган хулосаларига кўра, Уҳанда SARS-CoV-2 коронавирус пандемияси бошидаёқ жорий этилган карантин туфайли шаҳарда камида 700 минг кишини вирусдан зарарланишдан сақлаб қолди ва инфекция ташқарига эртароқ ва кенг миқёсда тарқалишининг олдини олди. 

Олимларнинг ҳисоблашича, Уҳандаги карантиннинг дастлабки 50 куни ХХРнинг бошқа шаҳарларига вақтдан ютиш ва коронавирус кириб келишига яхши тайёрланиш имконини берган. Тадқиқотда ушбу шаҳарда жорий этилган чоралар самарали бўлгани, бу чоралар инфекция тарқалиши занжирларини узиб ташлагани эътироф этилган.

Шу билан биргаликда, экспертларнинг тан олишича, Хитой ҳукумати коронавирусга қарши курашда қўллаган қатъий чораларни демократик давлатларда айнан такрорлашнинг иложи йўқ эди. Мамлакат қисқа муддатда қатъий карантин чораларини қўллади ва бу касаллик авж олишини назоратга олишга имкон берди.

Европа давлатларида эса ҳукуматларда радикал чоралар қўллаш учун ваколатлар етарли эмасди - натижада бу вирус қурбонлари сонида ҳам акс этди. Лекин вирус устидан ғалаба қозониш учун, биргина ҳукуматнинг ҳаракатлари етарли бўлмайди; фуқароларнинг бирдамлиги ва ҳамкорликдаги чоралари муҳим аҳамият касб этади.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йил декабридан буён Хитойда вирусдан зарарланиш билан боғлиқ 81740 ҳолат қайд этилган, 3331 киши ҳалок бўлган, 77 167 киши бутунлай соғайган. Зарарланганларнинг 983 нафари хорижда вирус юқтирган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид