Жаҳон | 14:42 / 07.04.2020
8307
2 дақиқада ўқилади

Япониянинг 7та йирик префектурасида фавқулодда ҳолат эълон қилинмоқда

Япониянинг 7 та йирик префектурасида фавқулодда ҳолат эълон қилинади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Синдзо Абэ парламент вакилларига топшириқ берган. Абэнинг бу борадаги мурожаати телевидениеда жонли эфирда узатилган.

Фото: REUTERS

«Коронавирус тарқалишининг янги тўлқини кенгайиб кетишининг олдини олиш мақсадида еттита префектурада фавқулодда ҳолат эълон қилиниши керак деб ўйлайман. Булар Токио, Канагава, Сайтама, Тиба, Осака, Ҳёго, Фукуока», деган Япония бош вазири.

Фавқулодда ҳолат бугун кечки вақтда расман эълон қилинади. Япония қонунчилигига кўра, фавқулодда ҳолат вақтида кескин жарима ва чекловларга урғу берилмайди. Мамлакатда бундай ҳолат одамларнинг ҳушёрлигини ошириш учун киритилади. Юқорида номи келтирилган 7та ҳудудда кўнгилочар жойлар бутунлай ёпиб қўйилмайди, шунчаки уларнинг иш муддати қисқартирилади.

Японияда фавқулодда ҳолат эълон қилингач, маҳаллий администрациянинг ваколатлари оширилади ва улар компания ва ишлаб чиқарувчиларга фаолиятини тўхтатиб туриш бўйича топшириқ бериш ҳуқуқига эга бўлишади. Қоидаларни бузганлар эса жарима билан эмас, қоидабузар сифатида номлари эълон қилиниши билан огоҳлантирилади. Япон миллатининг урф-одатларидан келиб чиқиб, омманинг олдида ёмонотлиққа чиқиш ҳар қандай жаримадан ёмон бўлгани боис шундай қилинади.

Фавқулодда ҳолат вақтида одамларга кўчага чиқиш, ишга бориш, харид қилиш, спорт билан шуғулланиш ва сайр қилиш тақиқланмайди. Касалхона, банк, озиқ-овқат дўконлари, жамоат транспорти фаолиятини давом эттиради. Абэнинг айтишича, фавқулодда ҳолат иқтисодиётга зарар келтирса ҳам, уни киритишга мажбур бўлган. Чунки олдинги чоралар билан одамлар ўртасидаги контакт 20 фоизга камайишига эришиш мумкин бўлган, холос. Фавқулодда ҳолат эълон қилиниши эса одамлар ўртасидаги алоқани 80 фоизгача қисқартира олади ва бу касалликни жиловлаш имконини беради.

Японияда коронавирус юқтирганлар сони 5 мингга яқинлашди. Ҳозиргача 108та ўлим ҳолати қайд этилди. Япония соҳилларида қолиб кетган Diamond Princess кемасининг ўзида 712 киши вирус юқтирган. Касалланганларнинг мингдан зиёди Токиода. Ҳозиргача 1 200дан кўпроқ япониялик вирусдан тузалган.

Мавзуга оид