Карантин даврида олиб қўйилган велосипед ва скутерлар учун тўлов ундирилмайди – ИИВ
Ўзбекистонда карантин даврида белгиланган чекловларни бузган фуқаролардан олиб қўйилиб, жарима майдонида сақланаётган транспорт воситаларининг ҳар бир куни учун тўлов ундирилади. Шу билан бирга, қўшимча чоралар доирасида олиб қўйилган велосипед ва скутерлар учун тўлов ундирилмайди.
ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов АОКАда бўлиб ўтган брифингда фуқаролардан олиб қўйилаётган велосипедлар ва скутерларнинг сақланиш тартиби бўйича маълумот берди.
«Карантин чекловлари киритилган вақтдан бошлаб, ҳар куни оммавий ахборот воситалари, брифингларда, ижтимоий тармоқларда кўчага мақсадсиз чиқманг, фақат ҳаётий зарурат бўлганда ташқарига чиқинг деб қайта-қайта такрорланди. Лекин кўпчилик буни тушунмади.
Шундан кейин ҳукумат автотранспортда ҳаракатланишга чеклов қўйишга мажбур бўлди. Қайта-қайта айтилди, фақат зарур бўлганда кўчага чиқинг дейилди.
Шунда нима бўлди, фуқаролар тушунмасдан, ишончни суиистеъмол қилиб, велосипедларда бемақсад кўчаларда юришни бошладилар. Ҳаттоки, автотранспорт йўқлигидан фойдаланиб катта кўчаларда пойга ўйнадилар. Велосипед «прокат»чилари жонланди. Одамлар велосипедда сайр қилиб юрдилар. Шунда ҳукумат буни ҳам чеклашга мажбур бўлди», дея Шоҳрух Ғиёсовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Унинг таъкидлашича, ҳукумат комиссиясининг қарори ички ишлар органлари, миллий гвардия ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига карантин қоидаларини бузиб, бемақсад кўчада юрган фуқароларга қатъий чора кўриш ҳуқуқини берган.
Унга кўра:
– қоидабузарларнинг автотранспорт воситалари карантин тугагунча жарима майдонларида сақланади (жарима майдонида сақланаётган транспорт воситаларининг кунлик тўлови тўлиқ тартибда ундириб олинади);
– кўчага бемақсад чиққан фуқароларга тегишли велосипед ва скутерлар олиб қўйилади (велосипед ва скутерлар ички ишлар органларида карантин тугагунча сақланади, бунда кунлик тўлов ундирилмайди, карантин тугагандан кейин фуқаро шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан келиб уларни олиб кетиши мумкин);
– ички ишлар органлари ходимлари кўчага бемақсад чиққан пиёда фуқаролар тўхтатиб, уларни огоҳлантириши, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини талаб қилиши, ҳужжати бўлмаса, шахсини аниқлашга зарурат туғилса ички ишлар органларига олиб бориши мумкин. Бундай вазиятда ходимларга қаршилик кўрсатган фуқароларга қатъий ҳуқуқий чоралар кўрилади.
Мавзуга оид
22:55 / 02.11.2024
Японияда энди велосипед ҳайдаш вақтида телефондан фойдаланган шахслар қамалади
10:50 / 31.10.2024
Тошкентда Tracker ва скутер иштирокида ЙТҲ содир бўлди
20:58 / 28.10.2024
Самокат бошқаришда содир этилган ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади
10:20 / 22.10.2024