АҚШ разведкаси Оқ уйни Уҳанда тарқалаётган вирус ҳақида ноябрдаёқ огоҳлантирган - ОАВ
АҚШ разведкаси АҚШ президенти маъмуриятини коронавируснинг одамлар ҳаётига ва бизнесга таъсир қилиши мумкинлигидан 2019 йил ноябрдаёқ огоҳлантирган.
ABC телеканали маълумотларига кўра, АҚШ разведка хизматлари Хитойнинг Уҳан шаҳрида одамлар турмуш тарзига ва бизнесга таъсир қилаётган вирус тарқалаётгани ва у аҳолига хавф солишидан ноябрдаёқ огоҳлантирган.
Телекомпаниянинг бу борадаги махфий ҳужжатлар билан таниш 4 та манбага таяниб хабар беришича, ҳозирда коронавирус пандемияси сифатида маълум бўлган ҳодиса борасидаги хавотир АҚШ мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси ҳузуридаги Тиббий разведка миллий марказининг (National Center for Medical Intelligence, NCMI) ноябрдаги ҳисоботида батафсил таърифланган.
Таъкидланишича, NCMI ҳисоботни тайёрлашда ушлаб олинган хабарлар ва сунъий йўлдошлардан олинган суратлардан фойдаланган.
Разведка вирус тарқалишида АҚШнинг Осиёдаги вакилларига хавф борлигини кўриб, бу ҳақида бонг ура бошлаган. “Таҳлилчилар бу фалокатли ҳодиса бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хулосага келишган”, деб айтган телеканал суҳбатдошларидан бири.
Журналистларнинг маълумотларига кўра, декабрь ойида федерал ҳукуматнинг юқори лавозимли вакиллари ва Оқ уй миллий хавфсизлик кенгаши аъзолари иштирокида янги вирус бўйича брифинглар мунтазам ўтказиб келинган.
Муаммонинг батафсил таърифи январь бошида президентга тақдим қилинадиган, разведка масалалари бўйича ҳар кунги ҳисоботда пайдо бўлган. Телеканал манбаларининг таъкидлашича, бу ҳисоботда ҳафталар давомида текширилувчи маълумотгина берилади.
Аввалроқ The Washington Post нашри АҚШ маъмурияти вирус ҳақида биринчи огоҳлантиришни 3 январда олганини маълум қилган.
АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер 5 апрелда АВС каналидаги “Шу ҳафтада” дастуридаги иштироки вақтида ноябрдаги огоҳлантиришлар ҳақидаги саволга “Эсимда йўқ. Бироқ бизда бунинг ортидан синчков кузатувчи одамлар бор!” деб жавоб берган.
Мавзуга оид
02:48
Сайлов бошланди, кўп овоз олиб ҳам ютқазиш мумкин бўлган сайлов
00:26
Трамп атрофида айланаётган Америка сиёсати: нега бундай бўлди?
21:46 / 05.11.2024
«Трамп президент бўлса, Яқин Шарқдаги вазият қийинлашади» — Камолиддин Раббимов
18:53 / 05.11.2024