Жамият | 15:46 / 09.04.2020
47373
2 дақиқада ўқилади

ССВ: Пиёз коронавирусни тўплаб олиб ўлдириши – сафсата

Ижтимоий тармоқларда пиёзнинг ўзига хос хусусиятлари, жумладан коронавирусни ўлдириши таърифланган видеолавҳа тарқалди.

Видеода ўзини Зилола деб таништирган хоним пиёзнинг хусусиятларини жуда ишонарли тасвирлашга уринади:

«Ўзимизнинг оддий пиёзни иккига-учга бўлиб, деразалар олдига, шкафлар ичига, хуллас одам кирадиган жойларга қўйиб ташланса, бу ҳар қандай вирусни ўзига тортиб олиб, касаллик тарқалишининг олдини оларкан. Ҳар икки уч кунда алмаштириб туриш керак экан. Эътибор бериб қаралса, ўша пиёз барча вирусларни, коронавирусни ҳам ўзига тортиб оларкан ва ўлдираркан, шу туфайли қорайиб қоларкан.

Илтимос, шу видеони тарқатворинглар, ҳозиргина қирғизистонлик акахоним айтди, улар Хитойдан кўриб шундай қилишибди», дейди аёл ҳаммага саломатлик тилаганича.

Бу гаплар қанчалик асосли экани билан қизиққан Kun.uz мухбири Соғлиқни сақлаш вазирлигининг коронавирусга қарши кураш штаби масъул ходими Саидмурод Саидалиев билан боғланди.

«Пиёз организм учун фойдали маҳсулотлиги, жумладан бактерицид хусусиятга ҳам эга экани шубҳасиз. Чунки унинг таркибида фитонцид моддалар мавжуд ва улар кўплаб бактерияларни ўлдириш хусусиятига эга. Аммо пиёзнинг вирусларни ўзига тортиб олиши ва ўлдириши сафсатадан ўзга нарса эмас.

Бўлакларга бўлиб уйга сочиб чиқишнинг коронавирусдан ҳимоялаши ва бу касалликка даво бўлиши илмий жиҳатдан умуман асосланмаган. Пиёз ҳам кесиб қўйилса, ҳар қандай бошқа сабзавот сингари вақт ўтиб эскиради, қораяди ёки бошқа тусга киради. Бу асло вирусларга боғлиқ эмас.

Юртдошларимизга интернетдаги «мутахассис»лардан эмас, бевосита соҳа вакилларидан маслаҳат олишни тавсия қилган бўлардим», деди Саидмурод Саидалиев.

Мавзуга оид