– Aлбатта, бугун «Уйда қолинг» деган шиор асосида карантин қоидаларига мувофиқ, уйимизда ўз фаолиятларимизни олиб боряпмиз. Ўз навбатида, ҳар бир ишнинг ўз одоби, маданияти, тартиби бўлади. Ҳар бир инсон шу қоидаларга тўғри маънода амал қилса, мақсадга етишлик осонроқ ва қулайроқ бўлади.

Бугун карантин – инсонларга хавф солиб турган коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш учун қўлланилаётган бир чорадир. Шундай экан, бу нарсани ҳар биримиз тўғри қабул қилишимиз ва тўғри ёндашишимиз талаб этилади. Aллоҳ таолонинг бугун бизга бераётган бу кунларини қадрлашимиз, уларни ғанимат билишимиз ҳам бизнинг бурчимиздир.

Зеро, биз уйда қолиб, баъзи бир улгурмаётган ишларимизни қилишга имкон бўлгани ҳам Aллоҳнинг бир гўзал фурсати бўлди десак, ҳеч муболаға эмас. Меҳрибон ота-оналаримизнинг кўнгилларини овлаш, уларнинг дуоларини олиш имконияти очилди. Ёки бўлмаса, ҳар бир ота-онани гарданидаги энг буюк вазифаларидан бири – фарзанд тарбияси билан шуғулланишга қулай фурсат берилди.

Фарзандларимизнинг кўзига қарайлик, кўнглига қулоқ тутайлик, уларни мақсадлари нима, муддаолари нима, тарбия ва одоблари қайси кўчада кетяпти, биз ўйлаган яхшиликларнинг рўёби борми, деган саволларни жавобларини қидиришга бир имконият десак бўлади.

Ўз навбатида, Aллоҳ берган неъматларни қадрлаш ва уни ўз ўрнида сарфлашлик ҳам ҳар биримиздан талаб этилади.

Шу ўринда, бундай вазиятда баъзи бир қўллари калта фуқароларимизга мурувват қўлларини чўзаётган инсонларни кўриб, ҳавасимиз келяпти. Aлоҳида кўмакка муҳтож инсонларга фондлар очилиб, уларга яхшиликка шерик бўлишни хоҳлаган инсонларнинг ўз ҳиссаларини қўшаётганлигини кўриб, ҳавасимиз келяпти.

Урва бин Зубайр р.а.нинг Оиша р.а.дан Пайғамбар алайҳиссаломнинг кундалик ҳаётлари ҳақида сўрагани тўғрисида машҳур бир ҳадис бор. Биз яхши биламиз, Урва бин Зубайр р.а. – Пайғамбар алайҳиссаломнинг жиянлари бўлади. Яъни Оиша онамиз у кишига хола бўладилар.

Aйтадилар: «Бир куни Оиша онамизнинг ҳузурларига бориб, «Эй холажон, Расулуллоҳ с.а.в.нинг кунлари қандай қандай ўтарди?» деб сўрадилар. Шунда Оиша онамиз: «Расулуллоҳ с.а.в.нинг уйларида 3 ойни кўрардиг-у, аммо у кишининг қозонларида оловни кўрмасдик». дедилар. Шунда жиянлари ҳайратланиб: «Холажон, унда нима билан тирикчилик қилардинглар?» деб сўрадилар. Шунда Оиша онамиз: «Икки қора нарса, яъни бири хурмо, иккинчиси сув билан тирикчилик қилар эдик. Расулуллоҳ с.а.в.нинг қўшнилари бор эди, улар эчки сутини Расуллуллоҳ с.а.в.га бериб турардилар», дедилар. (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти)