АҚШнинг Висконсин университети докторанти, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов «MFactor» лойиҳаси меҳмони бўлиб, коронавирус пандемияси ва карантин чораларининг иқтисодиётга таъсири ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Инқироз қанча вақт давом этади?

Кузатилаётган иқтисодий инқироз қанча муддатга чўзилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга Ҳошимов қуйидагича жавоб берди.

«Биринчидан, касаллик тез тугаса, инқироз ҳам тез тугаши эҳтимоли баланд. Иккинчидан, бу ҳукуматлар ва жамиятларнинг хатти-ҳаракатларига боғлиқ. Инқироздан тезроқ чиқиб кетишга йўналтирилган иқтисодий сиёсат тўғри бўлса, инқироздан тезроқ чиқилади. Агар [иқтисодий сиёсат] нотўғри бўлса, пул нотўғри йўналтирилса, бу жараён албатта секинроқ бўлади.

Бу инсонлар ва ҳукуматларнинг хатти-ҳаракатларига боғлиқ. Шунинг учун 3 ой, 6 ой ёки 1 йилда ўтаркан, дейиш ғалати. Чунки мен улар қандай ҳаракат қилишларини билмайман. Бу худди карта ўйинига ўхшайди», – деди Беҳзод Ҳошимов.

«Бу инқироз жуда ноёб»

Унинг таъкидича, ҳозиргидек иқтисодий инқирозлар тарихда кўп ҳам кузатилмаган.

«Иқтисодий инқирозлар [одатда] талаб ёки таклиф масалаларидан бошланади. Масалан, 2008 йил дунё молиявий инқирозининг сабаблари АҚШдаги инвест банклар нотўғри қоғозларни сотиб, уй ва кўчмас мулк бозорини қулатган. Ундан кейин домино эффектига қолган бозорлар ҳам қулашни бошлаган. Умумий талаб пасайган. Компаниялар инқироз туфайли инвестиция қилишни тўхтатган, шу сабабли ҳамма нарса тўхтаган. Инсонлар пулларини жамғаришни бошлаган. Бу эса инқирозга олиб келган», – деди Ҳошимов.

Иқтисодчининг тушунтиришича, коронавирус туфайли юзага келган жорий инқироз мураккаб инқироз ҳисобланади.

«Ҳозир бизда ҳам талаб, ҳам таклиф қисқаряпти. Биз онгли равишда иқтисодни ишлаб чиқаришдан «ўчириб қўйяпмиз». Ҳам талаб, ҳам таклифнинг бирга тушиши инсоният тарихида жуда камдан кам бўлган нарса.

Масалан, урушларда ҳам талаб кўп бўлган. Чунки ҳукумат ҳарбий соҳа учун ишлаб чиқаришни давом эттирган. Шунинг учун ҳам уруш вақтида [бир вақтнинг ўзида] ҳам талаб, ҳам таклиф тушиб кетмаган», – дейди у.