Syntropy маркетинг агентлиги ҳаммуассиси Дмитрий Семёнов коронавирус пандемиясидан сўнг жаҳон иқтисодиётини нималар кутаётгани тўғрисида фикр юритди.
Океан яқинида яшайдиганлар зилзила ҳалокатнинг бир қисми эканлигини билишади. Зилзиладан сўнг улар бор-будларини йиғиштиришади ва цунами остида қолиб кетмаслик учун соҳилдан узоқроққа кетишади.
Коронавирус — бу ойлар, балки йилларга чўзиладиган зилзила. Бир ҳафта ичида касалликка чалинганлар сони икки миллионга етади. Аксарият мамлакатларда пандемия энди бошланмоқда. Ва у каррали тарзда ўсмоқда — ҳар ҳафта касаллик юқтирганлар ва ўлганлар сони икки бараварга кўпаймоқда.
Аммо дарҳол бизни чўктириши мумкин бўлган цунамига — иқтисодий инқирозга тайёргарлик кўришимиз керак. Масалан, АҚШдаги S&P500 - 500та йирик компаниянинг биржа индекси 30 фоизга тушиб кетди — бунақаси 2008 йилдан бери бўлмаганди. Фақат фарқи шундаки, ўшанда бунга ярим йил кетганди, ҳозир эса икки ой кифоя қилди.
Нималар юз берди?
- Меҳмонхона-ресторан бизнеси (жаҳон ЯИМнинг 9,2 фоизи) ва туризм (жаҳон ЯИМнинг 10,5 фоизи) соҳаси деярли бутунлай тўхтади. Прогнозларга кўра, 13 миллиондан 25 миллионгача киши ишидан айрилади. Таққослаш учун — 2008 йилда 8,7 миллион иш ўрни йўқотилганди.
- Аксарият авиаташувчилар май охирига қадар банкрот бўлиши эҳтимоли катта.
- Кундалик эҳтиёж учун зарур бўлмаган маҳсулотларга талаб пасайди. Дўконлар ёпилди. Ҳаттоки онлайн-савдолар ҳам вазиятни қутқариб қололмайди.
- Кўнгилочар саноат тўхтади.
- Логистика компаниялари йўқотишларга учради. Бу ўз навбатида нефтни қайта ишлаш саноатининг қулашига олиб келмоқда.
Нималар кутмоқда?
Иқтисодиёт мураккаб ва ўзаро боғлиқ тизим. Мос равишда, эндиги навбат юқоридаги саноатлар билан боғлиқ соҳаларга келади. Хўш, улар қайсилар? Тахмин қуйидагича:
1. Кўчмас мулк. Тўртта сабаб туфайли
Янги уйлар қурилиши тўхтайди — уларга инвестициялар етмайди + компанияларнинг бу ишга киришишлари камаяди.
Аксарият бизнеслар ёпилади, омон қолганлари эса кичикроқ ва оддийроқ офисларга кўчиб ўтади.















