Жаҳон | 14:45 / 13.04.2020
9781
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған ички ишлар вазирининг истеъфосини қабул қилмади

Аввалроқ Сулаймон Сўйлу мамлакатда 48 соатлик комендантлик соати муваффақиятсизликка учраганидан сўнг Twitter орқали истеъфога чиқишини эълон қилган ва мамлакат раҳбарияти ҳамда халқдан кечирим сўраганди.

Фото: Anadolu Agency

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ички ишлар вазири Сулаймон Сўйлунинг истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризасини қабул қилмади. Бу ҳақда Туркия раҳбари маъмуриятининг коммюникесида маълум қилинди.

"Вазиримиз президентга истеъфога чиқишни сўраб мурожаат қилди. Президент бу сўровни номувофиқ деб топди. Вазирнинг истеъфоси қабул қилинмади, у ўз вазифасини бажаришда давом этади", дейилади коммюникеда.

Аввалроқ Сўйлу мамлакатда 48 соатлик комендантлик соати муваффақиятсизликка учраганидан сўнг Twitter орқали истеъфога чиқишини эълон қилган ва мамлакат раҳбарияти ҳамда халқдан кечирим сўраганди.

10 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 23:00 да Туркия ички ишлар вазирлиги коронавирус тарқалишига қарши курашиш доирасида мамлакатда аҳолининг 48 соат давомида уйларидан чиқиши тақиқланишини эълон қилганди. Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда дўконлар олдида тўпланган оломон тасвирланган роликлар пайдо бўлди – одамлар комендантлик соати жорий этилиши эълон қилинганидан сўнг озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш учун кўчага чиқишга мажбур бўлди. Бу қарор бош мухолифатчи бўлган Халқ республика партияси томонидан кескин танқидга учради.

50 ёшли Сўйлу 2016 йил августдан буён ички ишлар вазири лавозимида фаолият кўрсатмоқда. У 2015 йилдан 2016 йил августгача меҳнат ва ижтимоий таъминот вазири бўлган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид