Ўзбекистон | 08:07 / 13.04.2020
113531
14 дақиқада ўқилади

Нью-Йоркда коронавирус юқтирган ўзбек оиласи: «Бу биз учун жуда катта синов бўлди»

АҚШда Нью-Йорк штати коронавирус ўчоғи бўлиб турибди. Ўзбекистонлик мигрантларнинг аксарияти шу шаҳарда яшашади. Уларнинг уч нафари вафот этгани ҳам маълум қилинган эди.

«Америка овози» радиостанцияси АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида коронавирус юқтирган ўзбек оиласи билан интервью уюштирди. Ҳамсуҳбат — Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридан Америкага борганига 6 йил бўлган Меҳринисо Эргашева. У 22 йилдан буён АҚШда яшаётган турмуш ўртоғи ва 4 нафар фарзанди билан истиқомат қилади.

Меҳринисо Эргашева

 — Вирусга қандай қилиб чалинганимни аниқ билмайман. Лекин ишим юзасидан жуда катта оқимдаги одамлар билан гаплашамиз. Тўғри, тўлиқ риоя қилиш қийин, лекин доимо гигиенага риоя қилган бўлсам ҳам юқди. Балким мижозларимиздан юққандир, турли учрашувлар ўтказиб турамиз, ўша ерда касалликка чалингандирман.

Бу воқеа март ойининг охирларида содир бўлди. Чунки 20 мартдан бошлаб коронавирус масаласига сал-пал қизиқишим уйғонди, унгача эътибор бермаганман, маска тақмаганман. Балки шу сабаб бўлгандир. Резина қўлқоп кийиб юрганман. Нима бўлганда ҳам, 25 мартлардан бошлаб ўзимни ёмон ҳис қила бошладим.

— Қандайдир маънода сиз ўз бепарволигингиз ортидан вирусни юқтирганингизни тан оласиз, тўғрими?

— Уйга кирганимда гигиена қоидаларига риоя қилганман. Лекин кўчага чиққанимда маска тақмаганман. Буни у қадар муҳим деб ўйламаганман. Чунки фақат касал одам маска тақиб юриши керак, деган ахборотни ўқиган эдим. Шу сабаб соғлом одам маскасиз юраверса бўлади, деб ўйлаганман.

— Касаллик аломатлари сизда қандай бўй кўрсатди? Коронавирус инфекциясига чалинганингизни қандай билдингиз?

— Бошида бу касалга чалинганимга умуман ишонмаганман. 25 март куни томоғим қичишишни бошлади. Бу икки кун давом этди, сўнгра бурним оқа бошлади. Аввалига шунчаки шамолладим, деб ўйладим. Учинчи куни бутун танам оғришни бошлади. Бу касал ҳаммада ҳар хил кечар экан. Чунки кейинроқ — касаллигим даврида ролик қилиб тарқатганимдан сўнг одамлар менга ёза бошлашди: турли одамларда турлича кечиши ошкор бўлди. Лекин битта умумий жиҳати бор эди: ёки томоқ қичийди, ёки йўтал бўлади, ёки аъзои бадан қақшаб оғрийди. Умуртқа поғонаси юқоридан пастгача, оёқ ости ва тиззалар қақшайди.

— Айримлар ҳид сезмаслигини, айримларда ич кетиши қайд этилган…

— Бу кейинроқ. Аввал баданингиз оғрийди, ҳароратингиз кўтарилади. Кимлардадир ҳарорат кўтарилиши бир кун давом этар экан, менда шундай бўлди. Турмуш ўртоғим уч кун иситмалади. Баданнинг қақшаши ўтиб кетгач, сал-пал ўзингизга келасиз. Йўтал тута бошлайди. Йўтал бошлангач, ҳид сезиш қобилияти йўқолади.

Турмуш ўртоғим ҳозир умуман ҳид сезмаяпти, овқатнинг таъмини ҳам билмайди. Менинг ҳид сезишим бироз тикланган, лекин исириқ ва шунга ўхшаш ўткир ҳидларни сезяпман, холос. Масалан, чақалоғимни қўлимга олганда ҳидлашга ҳаракат қиламан, лекин сезмайман.

— Кейин нима қилдингиз?

— Биринчи навбатда томоғим қичиб, бурним оқишни бошлаганида мен буни енгил шамоллашга йўйдим. Шу сабаб Терафлю ичдим. Учинчи кунга келиб баданим оғриб, ётиб қолганимдан сўнг Ибопруфен ичган эдим. Компаниямдаги шифокорга телефон қилиб маслаҳат солганимда C витаминини кўпроқ дозада ичгин, деб тавсия берди. Бир соат давомида 15тасини бирйўла ичдим. Мен шунчаки унга ишонганим учун қилдим. Бошқаларга буни маслаҳат бермайман.

Ҳароратим бироз тушганидан сўнг оилавий врачимизга қўнғироқ қилдим. У мен билан гаплашиб, юзма-юз интервью ўтказди. У босқичма-босқич масофадан онлайн равишда мени текширди. Шундан кейин у менга «сенинг овозинг ёқмаяпти» деди. Чунки томоқларимда хириллаш пайдо бўлган эди. Шу вақтда ҳам ҳали коронавирус юқтириб олганимни билмаган эдим.

У дарҳол икки дозада антибиотик ёзиб берди. Ўша куни қорнимнинг пасти, чов соҳаларим қаттиқ оғриди. Душанба куни гинеколог ҳузурига бордим. У аломатларни кўриб дарҳол айтдики, бу — COVID-19! Ўша ерда ҳам охиригача шамоллаганман деб баҳслашганман. Гарчи COVID-19 аломатлари қандай бўлиши ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлмасам-да! У «майли, унда сизга тест қилиб бераман», деди.

Душанба куни тестга таҳлил топширган бўлсам, умуман шу куни ухлолмай, йиғлаб чиққанман. Тушкунликка тушдим. Бутун дунёда гапирилаётган нарса келиб-келиб менга ёпишганини ҳазм қила олмаётган эдим. Очиғи, сира кутмаган эдим. Турмуш ўртоғим мени юпатди: «Бу ўтиб кетади, биламан, жуда кучли аёлсан, тузалиб кетасан».

Сешанба куни тушларда телефон қилиб «натижа мусбат» деб айтишди. Янада саросималаниб, баттар қўрқиб кетдим… Сўнгра ўзимга келдим, бу ҳам бир синов эканини, шу нарсани ҳам бошдан кечиришим кераклигини англадим. 

— Кейин оилавий тест топширдингизми?

— Шу куни кечқурун оилавий врачимизга телефон қилиб гаплашганимда, у «оиланг билан тест топширишингнинг фойдаси йўқ, чунки уларнинг барчасига юқтириб бўлгансан», деди.

— Хўжайинингиз сизни айбламадими?

— Йўқ, турмуш ўртоғим ҳеч қачон бундай демайди. Шунчаки, «шошилинч вазиятда нималар қилишимиз зарурлигини шифокордан сўраб қўй», деди. Уйда маска-қўлқоп кийиб юрдик, болаларимизга юқтирмасликка ҳаракат қилдик. Бироқ, чоршанба куни хўжайинимнинг боши оғришни бошлади. Кейинги кунлар давомида танаси оғриб, ҳарорати кўтарилиб кетди.

— Болаларда аломатлар қачон пайдо бўла бошлади?

— Болаларнинг касал бўлиши ҳар бир ота-она учун энг қийин воқеа бўлса керак. Одам ўзи касал бўлса тишини тишига қўйиб чидайди, лекин болалари касал бўлса, чидаш қийин экан.

Тўрт фарзандимдан биринчи ўғлимда бошланди. Унинг бурни кучли оқа бошлади. Уч кун давом этди. Терапевт, педиатр, невропатолог ва нутрицолог билан доимий алоқада бўлиб турдик. Уларнинг маслаҳатини олиб, ўзим хулоса чиқариб, болаларимга қараганман. Олти ойлик эмизикли болам учун жуда қўрққанман. Қўрққанимдек чақалоғимда касаллик оғир ўтди.

— Ҳозир болаларингизнинг аҳволи қандай?

— Бугун чақалоғим анча яхши. Ҳарорати тушган. Катта қизимда учинчи кун. Ўғлим икки кун аввал ўзига келди.

Болаларда биринчи аломати — кўзлари қизариб кетади. Бурнининг атрофи ҳам қизаради. Бурни оқади. Доимий равишда йўталади. 9 ёшли катта қизимнинг икки кун мобайнида доим боши оғриб турди. Берган нарсам — жуда кўп витаминлар, антибиотик, сув, занжабил (имбирь) чайнаб ейиш ва билан лимонли чойни ичишни буюрдим.

— Оилада 6 кишисизлар. Агар ҳамма бирданига касал бўлиб қолса, озиқ-овқатлар келтириш, болаларга қараш қийин бўлса керак?

— Ҳа, жуда қийин. Чунки ўзингиз ҳолсизсиз, дам оламан десангиз иш қолиб кетади. Турмуш ўртоғингиз ҳам ҳолсиз…

— Ташқаридан ҳам ёрдам кутиш қийин…

— Йўқ, ташқаридан ёрдам келиб турди. Хўжайиним 20 йилдан ортиқ давр мобайнида Америкада яшагани учун танишлари ҳам, қариндошлари ҳам жуда кўп. Телефон орқали доимий далда бериб туришди.

Нима керак бўлса телефон орқали супермаркетларга буюртма қиламиз, ўртоқлари ҳам эшикнинг тагигача опкелиб бериб туришди.

— Алоҳида уйда турар экансизлар. Қўшнилар хабар топдими?

— Билмадим. Ташқарига чиққанимиз ҳам йўқ, ҳеч ким билан гаплашмадик ҳам. Ўша кундан бошлаб уйни тарк этмадик. Бир марта хўжайиним болаларни сайрга олиб чиқди. Нутрицологимиз бундай қилмасликни тавсия берди.

Ҳар куни эрталаб ва кечқурун ухлашдан аввал деразаларни очиб, уйнинг ҳавосини янгилаб, дезинфекция қилиб турдик. Кўчада тоза ҳаводан нафас олишни истасак, фақат мен ёки хўжайиним уйнинг атрофига 15 дақиқага кечаси, атрофда одам йўқ пайтда чиқиб турдик.

— Сиз ва оилангиз касал бўлган кундан бошлаб бирор марта касалхонага мурожаат қилмадингизми?

— Қилдим. Аҳволим оғирлашган куни «тез ёрдам» хизматига қўнғироқ қилдим. Улар айтдики, биринчидан, нафасингиз қисилмаяпти, сизга ўпкани сунъий шамоллатиш аппарати зарур эмас. Шу сабабли, уйда қолиб даволанганингиз маъқул, нима маслаҳат керак бўлса терапевтингиздан олинг, дейишди. Чунки у ерда аҳволингиз янада оғирлашади, чунки жой йўқ, жой бўлгани билан сизга ҳеч ким қарамайди, касаллар жуда кўп, яхшиси болаларингизга қаранг, дейишди.

— Яъни, фақат оғир аҳволдагиларни касалхонага қабул қилишмоқда?

— Ҳа, аҳволи ўта оғирлашганларни касалхонага ётқизишар экан. Уларнинг айтишича, мен ўша пайтда 38 даража ҳарорат билан оғир аҳволда эмас эдим. Демак, мендан ҳам аҳволи оғир одамлар шифохонага борган.

— Сизда ва оилангизда коронавирус инфекцияси аниқланганидан сўнг сизларни қандайдир рўйхатга киритишдими?

— Унисини билмадим. Шуниси аниқки, оилавий врачимиз телефонда доимий алоқада бўлиб турибди. Қандайдир ҳужжатларни менга жўнатган, аммо рўйхатга қўйиш ҳақида ахборотга эга эмасман.

— Уйда қанча муддат даволанишингиз керак ва қачон тўлиқ соғайганингизни биласиз? Яъни, қўшимча қандайдир тестлар бўладими?

— Шифокорим икки ҳафта уйда карантинда турасизлар, деган. 10 апрелда менга 2 ҳафта бўлди. 15 апрелда қайта тест топшираман. Мендан кейин хўжайиним топширади. Педиатр болалардан тест олмаслигини айтди, чунки улар касалликни енгил формада ўтказар экан. Агар ота-она тоза чиқса, болалардан олиш шарт эмас экан.

Мен дўстларимдан жуда миннатдорман. Улар бизга шунчалик яқин эканки, барчаси телефонда ҳол-аҳвол сўраб, далда бериб туришди. Элементар сут, нон каби маҳсулотларни эшигимизнинг тагигача етказиб бериб туришди. Оиламиз бошига ташвиш тушганда инсонларнинг меҳр билан қўллаб-қувватлаб турганидан жуда хурсанд бўлдим (кўз ёшларини артиб).

— Сизга ўхшаб мана шу дардга мубтало бўлган ёки ўзини ёмон ҳис қилаётган одамларга, ҳатто соғлом одамларга ҳам вирус юқтирмаслиги учун қандайдир тавсиялар бера оласизми?

— Бу нарсаларни мен ҳам билмас эдим. Ўз бошимга тушгач, сўраб-суриштиришни бошладим ва бу оддий вирус эмаслигини тушундим.

Соғлом одамларга айтадиган биринчи гапим: ташқаришга чиқмасликка ҳаракат қилинглар. Бу — энг асосий маслаҳат. Ҳар доим сочингизни йиғиштириб юринг. Аниқланишича, бу вирус сочда 5 соатдан кўпроқ вақт мобайнида яшайди. Кийим-кечакка ҳам ўтириб қолиши мумкин. Вирус очиқ ҳавода ярим соат турар экан.

Уйга кўчада фойдаланилган кийим-кечакларни, пойабзалнинг остки қисмини спрей билан дезинфекция қилиб, тозаланиб кириш керак.

Касаллик давримда ролик чиқарганимдан сўнг юзга яқин инсонларга кимга учрашиш, қаерда тест топшириш кабилар бўйича ўз маслаҳатимни бердим.

Одам ўз организмига қулоқ солиб, уйда даволаниш мобайнида таом ва дори-дармонлар истеъмол қилишда шифокори билан маслаҳатлашиши шарт.

— Ҳозир сизда коронавирусга қарши иммунитет пайдо бўлганми?

— Оилавий врачимнинг айтишича, 12-14 кун ичида организм вирусни енггач, вирусга қарши антитаначалар пайдо бўлади, аммо бу қайтиб касал бўлмаслигингизни билдирмас экан.

— Меҳринисо, мана шу касаллик сизга ҳаётга, дунёга бошқача нигоҳ билан қараш имконини бердими?

— Албатта, бу пандемия бутун дунёга бошқача туртки берди. Билмадим, бошқа штатларда қандай, лекин Нью-Йоркда ҳаёт ўта шиддатли. Сўнгги пайтларда ўзимга ўзим «қачон уйда уч кунча бемалол дам оладиган куним бўлар экан-а?» деб кўп айтар эдим. Чунки болам билан уйда ўтирсам ҳам, катта фарзандларимни тез-тез кийинтириб, едириб, қаёққадир жўнатиб, шошилинч тарзда ҳаётимиз тез ўтиб бормоқда эди.

Бир ҳафта уйда даволанганимиздан сўнг хўжайиним ҳам одатга кўра «тезроқ ухланглар, тезроқ енглар» деган сўзларни ишлатарди. Шунда мен «Тез, деганимиз билан қаерга шошиламиз, борадиган жойимиз йўқ-ку? Мана шу «тез» сўзи энг ёмон сўз экан. Биз ҳаётимизни ўзимиз тезлаштириб юбордик», дедим.

Аслида, одам ўтириб ўйлаши керак: нималар қилдим, ҳаётда нималарга эришдим, бундан сўнг нималар қилишим керак? Қаерга борсангиз ҳам, нималар қилсангиз ҳам, қанча пул топишингиздан қатъи назар, сизни асрайдиган, сизни қучоқ очиб кутиб олувчилар бу сизнинг оилангиз, уйингиз экан.

Аллоҳ ҳаммани уйига киришга мажбур қилиб, инсонларни ўз ҳаёти ҳақида мушоҳада қилишга ундади, деб ўйлайман. Биз аввал қандай яшаган эдик, энди қандай яшамоқчимиз, ўша эски ҳаёт керакми бизларга?

Бир томондан, бу — оила учун жуда катта синов. Чунки иш билан бўлиб эр-хотин бир-бири билан гаплашишга, болаларни тўғри тарбия қилишга вақт топа олмайди.

Биринчи ўн кунда бизга ҳам қийин бўлган: ишга бормайсиз, ҳеч қаерга шошилмайсиз, доим уйда, тўрт бола билан — осонмас. Турмуш қурганимизга 10 йил бўлди. Бу биз учун жуда катта синов бўлди. Фарзандлар катта бўлиб ўз ҳаётини қуриб кетади. Одам ўз уйи, ўз турмуш ўртоғи билан қолади. Шунинг учун эр-хотин бир-бирини тушунишга ҳаракат қилиши керак.

Одил Рўзалиев суҳбатлашди.

Мавзуга оид