Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қайд этилишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Халқ табобати соҳасидаги 2014-2023 йилларга мўлжалланган стратегия амалга оширилмоқда. Унинг мақсади қуйидаги йўналишларда аъзо мамлакатларни қўллаб-қувватлашдан иборат:

саломатлик, осойишталик, инсонларга қаратилган тиббий-санитар ёрдам кўрсатишни таъминлаш, тиббий-санитария хизматлари сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш хизматлари билан ялпи қамраб олишни кенгайтириш ҳамда истеъмолчиларга ўз соғлиғи ҳақида ғамхўрлик қилиш борасида онгли танлов учун имкониятлар яратишда халқ табобатининг салоҳиятидан фойдаланиш;

меъёрлар ва қоидаларни белгилаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда халқ табобати маҳсулотлари ва амалиётини соғлиқни сақлаш тизимига интеграциялаш, кадрлар малакасини ошириш, даволаш кўникмалари, хизматлари ва усулларини такомиллаштириш йўли билан халқ табобатини хавфсиз ва самарали қўллашга лозим даражада кўмаклашиш.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг экспертларини жалб қилган ҳолда, Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси, “Табобат” академияси ва манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар президентнинг 2021-2025 йилларда Ўзбекистонда халқ табобатини ривожлантириш концепциясини мақсадли кўрсаткичлар (индикаторлар) ҳамда уни амалга оширишга доир йиллар бўйича “Йўл харитаси” билан биргаликда тасдиқлашни назарда тутувчи қарори лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Ушбу Концепцияни ишлаб чиқишда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади:

таклиф этилаётган чора-тадбирларнинг президентнинг 2018 йил 7 декабрдаги ПФ–5590-сон фармони билан тасдиқланган ва ҳозирда амалга оширилаётган 2019-2025 йилларда Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси билан узвий боғлиқлиги;

аниқ механизмлар ва босқичларни кўрсатган ҳолда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Халқ табобати соҳасидаги 2014-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясида назарда тутилган тавсиялар ва таклифларни амалда бажариш;

Хитой, Корея, Япония, Ҳиндистон, Вьетнам, Франция, Россия ва бошқа мамлакатларнинг халқ табобатини ривожлантириш борасидаги илғор институционал тажрибасини, шу жумладан, жойига бориб кенг ўрганиш;

ўтказилган таҳлиллар ва тадқиқотлар асосида халқ табобати воситалари ва усулларининг сифати ҳамда хавфсизлигини тартибга солишнинг институционал механизмларини ишлаб чиқиш, шунингдек, унинг асосий йўналишларини ривожлантириш.